Индонезия фаластинликларга бошпана бермоқчи
Олам
−
09 Апрель 2696 2 дақиқа
Индонезия Ғазодаги урушдан жабр кўрган фаластинликларга вақтинча бошпана беришга тайёр. Бу ҳақда бугун, 9 апрель куни Яқин Шарқ ва Туркияга сафарини бошлаган Президент Прабово Субианто маълум қилди.
У биринчи тўлқинда 1000 фаластинлик бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Прабовонинг айтишича, у ўз Ташқи ишлар вазирига Фаластин томони ва бошқа томонлар билан зарар кўрган фаластинликларни кўпчилик мусулмонлар яшайдиган Индонезияга қандай эвакуация қилиш масаласини тезда муҳокама қилишни буюрган.
“Биз ярадорларни, жароҳатланганларни, етимларни эвакуация қилишга тайёрмиз”, деди Прабово.
Президент фаластинликлар жароҳатларидан тўлиқ тузалмагунча ва Ғазодаги вазият уларнинг қайтиши учун хавфсиз бўлмагунча вақтинча Индонезияда бўлишларини қўшимча қилди.
Жакарта икки давлат ечими тарафдори бўлиб, гуманитар ёрдам жўнатган.
Индонезия можарони ҳал қилишда ўз ролини оширишни хоҳлайди. Бу режа осон эмас. Индонезиянинг фаластинликлар хавфсизлиги ва уларнинг мустақиллигини қўллаб-қувватлаш мажбурияти ҳукуматимизни фаолроқ ҳаракат қилишга ундади”, деди Прабово.
Маълумот учун, Прабово ўтган йили президентлик лавозимига расман киришидан олдин Индонезия агар керак бўлса, Ғазога тинчликпарвар қўшинларини юборишга тайёр эканини айтган.
Исроилнинг Ғазодаги уруши 2023 йил октябрь ойида бошланган. Ўшандан бери Исроилнинг ҳарбий кампаниясида 50 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 27 декабрь куни 100 нафар яраланган фаластинлик болалар ва аёллар ҳамда уларнинг ҳамроҳлари Ўзбекистонга эвакуация қилинганди. Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличевга кўра, эвакуация қилинган фаластинликлар Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, ўз ватанларига қайтгунларига қадар мамлакатдаги шароитлардан фойдаланади. Хусусан, улар даволаниш ва соғлиқларини қайта тиклаш учун реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилади ҳамда мамлакатда бўлиш даврида барча зарур эҳтиёжлар, жумладан, меҳмонхона, тураржой, мактаблар ва озиқ-овқат билан таъминланади.
Live
Барчаси