Имтиҳонсиз “права” олиб беришни ваъда қилганлар ушланди
3-саҳифа
−
06 Сентябрь
3897Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятида ўқув курсларига қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Ширин шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.А. фуқаро Д.А.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида ўқув курсларига қатнашмасдан 1 400 АҚШ доллари эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини айтиб, олдиндан 300 АҚШ доллари ва 1,2 млн сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу билан бирга, департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ч.Я. фуқаро М.Ж.га гўёки вилоят ЙҲХБда ишловчи танишлари орқали "В." тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 15 млн сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бундан ташқари, департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлими ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Г.Т. (муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган) фуқаро Х.М.га танишлари орқали ўқув курсларига қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 900 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий, Фарғона ва Самарқандда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилганлар ушланган эди.
LiveБарчаси