Имрон Хон қамоқхонада вафот этди – Афғонистон ОАВ (видео)
Олам
−
26 Ноябрь 19517 2 дақиқа
Афғонистон оммавий ахборот воситалари Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон қамоқда ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Бу хабар расмий тасдиқ топмаган. Хон тарафдорлари содир бўлган воқеага аниқлик киритишни талаб қилиб қамоқхона ёнига тўпланган.
Бугун, 26 ноябрь куни афғон ОАВлари Покистон собиқ бош вазири қамоқда ўлдирилгани ҳақида хабарлар сиздирди.
“Покистондаги ишончли манба Имрон Хон эҳтимолий равишда сирли тарзда ўлдирилгани ва унинг жасади қамоқхонадан олиб чиқиб кетилгани ҳақида тасдиқлади”, деб ёзди “Afghanistan Times”.
Яна бир афғон нашри “исми ошкор қилинишини истамаган Покистон армиясидаги манба”га таяниб, Имрон Хон “17 кун олдин қамоқда сирли тарзда ўлдирилганини” ёзди.
Хабарларга кўра, Имрон Хон тарафдорлари ва PTI партияси аъзолари ўз етакчиси ҳақида маълумот олиш учун қамоқхона ёнига тўпланган. Шундан сўнг, Покистон ҳукумати хавфсизликни таъминлаш учун юзлаб ҳарбийларни ушбу ҳудудга юборган.
Маълумот расмий тасдиқ топмаган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишича, Покистон ҳукумати унинг қамоқхонада ўлгани ҳақидаги хабарларни рад этган.
Шунингдек, “Pakistan Observer”нинг хабар беришича, кеча, 25 ноябрь куни Адиала қамоқхонаси бошлиғи Исломобод Олий судига йўллаган хатида PTI асосчиси “қатъий кузатув остида эканини” тушунтирган.
Шу билан бирга, кечадан буён собиқ бош вазирнинг тарафдорлари у билан учрашиш ёки у ҳақидаги маълумотни талаб қилиб, қамоқхона ёнида тўпланган. Хабарларга кўра, норозилар орасида Имрон Хоннинг синглиси ҳам бор. Воқеа жойидан олинган фото ва видеолар Х тармоғида пайдо бўлди.
Маълумот учун, Имрон Хон ва Бушра Биби 2018 йилда ер майдонларини пора сифатида олишда ва ноқонуний даромадларни легаллаштиришда айбланган. Уларга нисбатан қўйилган айбловларга кўра, ушбу ноқонуний фаолият Al-Qadir Trust хайрия фонди орқали амалга оширилган. Прокуратуранинг таъкидлашича, фонд коррупцияни яшириш воситаси бўлган.
Имрон Хон 2018 йилдан 2022 йилгача Покистон ҳукуматини бошқарган. У 2022 йил 10 апрелда парламентда ишончсизлик вотуми билан лавозимидан четлатилган. Аввалроқ, хусусан, у жиноий даромадларни легаллаштиришда айбланиб, 3 йилга, давлат сирларини ошкор қилганлик учун 10 йилга, рафиқаси билан бирга коррупция иши бўйича 14 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Эр-хотин барча айбловларни рад этиб, ишни сиёсий мотивли деб атади. Хоннинг партияси ҳам уларни уйдирма деб ҳисобларди.
Ўтган йил ноябрь ойида Имрон Хоннинг тарафдорлари уни қамоқдан озод қилишни талаб қилиб полиция билан тўқнашди ва ҳукумат ўрнатган тўсиқларни ёриб ўтиб Исломобод марказига кириб борди. Томонларнинг маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида камида олти киши ҳалок бўлган.
Live
Барчаси