Импортёрлар муаммони дангал айтди!

Бизнес

Аниқ муаммолар, керакли таҳлиллар, асосли тортишувлар, тайин режалар ва очиқ танқидлар бир нуқтада жам бўлди. Жорий йил, 21 январь куни Тошкентда маҳаллий тадбиркорлар ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ўртасида бизнес-дипломатик учрашув бўлиб ўтди. Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган очиқ мулоқотда Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Бу галги йиғилишда асосий урғу импорт борасидаги масалаларга қаратилди. Гап ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ўсишида муҳим рўл ўйнайдиган тадбиркорларни қийнаётган тўсиқлар ҳақида кетгани учун учрашув аввалидаёқ ташкилотчилар муаммоларни очиқ-ойдин айтишни таклиф қилишди. Бу чақириққа биринчилардан бўлиб қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркор “лаббай” дея жавоб берди. У, айрим мамлакатларда баъзи маҳсулотлар ўзбекистонлик тадбиркорларга бошқа давлат бизнесменларидан кўра қимматроққа сотилаётганини маълум қилиб, элчихонадан ёрдам сўради.

“Бэларуссияда қурутилган сут маҳсулотлари бизга 4,9 долларга, бошқа давлатларда эса 4,3 долларга сотилади. Яна какаони Европа давлатларидан оламиз. Яъни иккинчи қўлдан. Ваҳолангки, какао Африка давлатларида ишлаб чиқарилади. Улар билан алоқа ўрнатилса ҳаммага яхши бўлар эди”, дейди тадбиркор.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев жуда тўғри масалалар кўтарилганини айтиб, номи айтилган давлатларда элчилик қилаётган дипломатларга ечим борасида мурожаат қилди. Ўз ўрнида дипломатлар ҳам бажаришилиши керак бўлган ишларни белгилаб олишди.

2025 йилда Ўзбекистонга музқаймоқ импорти 15 млн доллар қийматида бўлган. Экспорт эса атига 1,5 млн долларлик. Гарчи ишлаб чиқариш ҳамда ички бозорни таъминлаш салоҳияти етарли даражада ва чет элдан сотиб олинаётган товарлар сифати билан бир хил бўлсада. Бу масалага Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов алоҳида эътибор қаратди.

“Ўзимизда ҳам жуда сифатли музқаймоқ ишлаб чиқара оладиган салоҳият бор! Бир тадбиркоримиз 8 млн долларга барча қурилмаларни сотиб олиб, ўрнатди. Энди уларга элчиларимиздан ёрдам керак. Европа ва Америкадаги йирик брендлар билан алоқа ўрнатиб, тадбиркорни уларга “боғлаб қўйиш” керак. Инвестори ҳам бор. Пул тикамиз деяпти”, деди Даврон Ваҳобов.

Учрашув давомида импортёр ва экспортёрларни қийнаётган бошқа турли муаммолар ҳам кўтарилди. Очиқ мулоқот форматидаги тадбир савол-жавоблар билан давом этди. Муаммоларнинг айримлари жойида тегишли идораларга юклатилди. Ечими бироз вақт оладиганлари эса алоҳида белгилаб олинди.

Очиқ мулоқот ўтказилиши фақат фойда келтиришини айтиб ўтириш шарт эмас. Шу сабаб бу каби учрашувларни доим юзлашиб эмас, барчага қулай бўлган онлайн тарзда ташкил этиш учун махсус платфомра ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Экспорт муаммо Жамшид Хўжаев Даврон Ваҳобов Импортёрлар Очиқ мулоқот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг