Имомали Раҳмон дунё барқарорлигига таҳдидларни санади

Олам

image

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон БМТнинг “Келажак авлодлар учун тинчликни мустаҳкамлаш ўн йиллиги” махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф қилди ва можароларни ҳал қилишда БМТнинг асосий ролини кучайтиришга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 24 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида сўз очди.

“Тожикистон ҳар доим можароларни фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этиш тарафдори”, дейди Имомали Раҳмон.

Унинг таъкидлашича, қарама-қарши геосиёсий жараёнлар, тезкор қайта қуролланиш, совуқ урушнинг авж олиши ва қуролли можаролар хавфсизлик ва барқарорликка узоқ муддатли таҳдидларни келтириб чиқаради.

“Халқаро ҳамжамиятнинг хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва мустаҳкам тинчликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур. Тинч ҳаёт ва тараққиётга эришиш имконияти ўзаро тушуниш ва конструктив ҳамкорлик асосида яратилади”, деди у.

Фаластин ва Афғонистон ҳақида

Шу муносабат билан Имомали Раҳмон Фаластин инқирозига ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, ушбу минтақадаги фожиали вазият можаронинг ҳарбий ечими йўқлигини тасдиқлайди.

“Тожикистон 1967 йилги чегаралар асосида мустақил Фаластин давлатини яратиш бўйича БМТ қарорларини амалга ошириш орқалигина якуний ечим топиш мумкин, деб ҳисоблайди”, деди Президент.

Раҳмон низолашаётган томонлар ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокаралари йўлида қадам ташлашига, халқаро ҳамжамият Фаластинда барқарорликни тиклаш учун самарали чоралар кўришига умид билдирди.

Президент Афғонистонда барқарорлик зарурлигига ҳам эътибор қаратди.

“Бу мақсадда Тожикистон Афғонистондаги тинч ҳаётнинг турли жабҳаларини қайта тиклаш ва ривожлантиришга ҳисса қўшишга доимо тайёр. Шу билан бирга, ушбу мамлакатда инсонпарварлик инқирозининг олдини олиш мақсадида яна бир бор халқаро ҳамжамиятни Афғонистоннинг узоқ азоб чекаётган халқига, жумладан, табиий офатлардан жабр кўрган ҳудудларга ёрдам кўрсатиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишга яна бир бор чақираман”, дейди Имомали Раҳмон.

Иқлим таъсири ҳақида

Шунингдек, у барқарор ривожланишни молиялаштириш муҳимлигини таъкидлаб, ҳозирги иқтисодий ва молиявий инқирозлар, хавфсизликнинг беқарорлиги ва иқлим ўзгариши оқибатлари бунга тўсқинлик қилаётганини айтди.

"93% тоғли ҳудудда жойлашган Тожикистон иқлим ўзгаришига мойил бўлиб, мунтазам равишда табиий офатлар билан юзма-юз бўлиб туради, бу эса иқтисодий зарар ва инсонлар ҳалок бўлишига олиб келади. Музликларнинг тез эриши ва дарё сувлари ҳажмининг камайиши энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Тожикистондаги 14 минг музликдан мингдан ортиғи аллақачон тўлиқ эриб кетган, ёғингарчилик ва музликлар Марказий Осиё сув ресурсларининг 60 фоизини ташкил қилади”, деди Тожикистон етакчиси.

Имомали Раҳмон 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлаб, 2025 йилда Испанияда бўлиб ўтадиган “Тараққиётни молиялаштириш бўйича тўртинчи халқаро конференция” муҳимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, халқаро молия-иқтисодий тизим ривожланаётган мамлакатлар эҳтиёжларини қондириши керак.

У БМТнинг 2028 йилги сув конференциясига тайёргарлик кўриш учун “Душанбе сув жараёни” натижаларидан фойдаланишни, 2025 йилни Халқаро музликларни сақлаш йили деб эълон қилишни таклиф қилди, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятини иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва музликларни сақлаш бўйича биргаликда ҳаракат қилишга чақирди.

Сунъий интеллект ҳақида

Президент Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг аҳамияти ҳақида ҳам гапирди.

"Тожикистон рақамлаштиришга босқичма-босқич ўтиш бўйича стратегия ва бошқа концептуал ҳужжатларни қабул қилиб, зарур чораларни кўрмоқда. Шу муносабат билан Бош Ассамблеянинг навбатдаги сессиясида Марказий Осиёда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун янги имкониятлар яратиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни жадаллаштиришда сунъий интеллектнинг ўрни тўғрисида махсус резолюция қабул қилишни таклиф қиламан", деди у.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 79-сессиясидаги умумий сиёсий муҳокамада сўзга чиққан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш агар янги технологияни бошқаришга глобал ёндашув бўлмаса, сунъий интеллект дунёни икки лагерга бўлиши мумкинлигини айтганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон БМТ Имомали Раҳмон БМТ Бош Ассамблеяси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг