IMAN Invest’да 20 миллион доллар камомад борми? Аудиторлар дастлабки хулосаларни эълон қилди

Таҳлил

−

Reklama
0:00

25 октябрь куни ижтимоий тармоқларда IMAN Invest компанияси атрофида 20 миллион долларлик камомад ҳақида шов-шув кўтарилди. 50 мингдан ортиқ инвестори бор компания бир ҳафта ичида мамлакатдаги энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди.

Компаниянинг собиқ шаръий маслаҳатчиси, IFCB вакили Маҳмуд Усмон IMAN’да тахминан 20 миллион доллар камомад борлигини иддао қилди. Шунингдек, у компаниянинг ўша вақтдаги раҳбари Рустам Раҳматов номига ноқонуний йўллар билан Mercedes-Benz S500, бошқа ходимлар учун BYD русумли автомобиллар ва ҳатто кўчмас мулк сотиб олинганини маълум қилди. Шундан сўнг Маҳмуд Усмон компания билан ҳамкорликни тўхтатиб, бошқаларни ҳам унга инвестиция киритмасликка чақирди.

Ушбу баёнотлардан уч кун ўтиб, 28 октябрь куни IMAN Invest мустақил молиявий, юридик ва шаръий аудит бошланганини эълон қилди.

17 ноябрь куни эса компания фаолияти юзасидан ўтказилаётган аудит текширувларининг дастлабки натижалари журналистларга тақдим этилди. Молиявий масалалар бўйича махсус текширувни халқаро “Russell Bedford” аудиторлик компанияси олиб борган.

Аудиторлар тақдим этган дастлабки хулосаларга кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган 20 миллион долларлик камомад ҳақидаги маълумот тасдиқланмаган. Аксинча, компания 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойини фойда билан якунлаган.

Аудиторлар ижтимоий тармоқларда зарар сифатида талқин қилинган рақамлар бир-биридан фарқли молиявий кўрсаткичлар йиғиндисидан иборат эканини таъкидлади.

Жумладан, 177 миллиард сўмлик дивидендлар ширкатнинг ҳисоб сиёсати ва миллий стандартлар асосида ҳисобланган ҳамда тўланган. 25 миллиард сўмлик зарар эса бухгалтерия ҳисобларида тасдиқланмаган. 44 миллиард сўм маблағ бошқарувчи компаниянинг фонд олдидаги фоизсиз қарзи бўлиб, аудиторлар унинг мавжудлигини тасдиқлаган ва қайтарилиши кераклигини билдирган.

Шунингдек, 30 сентябрь ҳолатига кўра, шубҳали қарзлар учун 58,1 миллиард сўм захира шакллантирилган ва яна 5 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилган. Муддати 300 кундан ортиқ ўтган қарзлар 73,7 миллиард сўмни ташкил этган. Шундан тахминан 62 миллиард сўмнинг қайтишига умид йўқлиги қайд этилган. Шу сабабли аудитор захирага яна 3,9 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратишни таклиф қилган.

Маҳмуд Усмоннинг октябрь ойидаги видеомурожаатида қонунийлиги шубҳа остига олинган автомобиллар ва кўчмас мулк масаласи ҳам учрашув давомида кўтарилди. Бу борада IMAN Invest’нинг янги раҳбари тушунтириш берди.

Компания атрофидаги муҳокамаларда энг кўп кўтарилган саволлардан яна бири – IMAN Invest молиявий пирамида эмасми? Учрашувда иштирок этган “Baker Tilly Legal” компанияси вакили Рустам Акрамовнинг маълум қилишича, дастлабки хулосаларга кўра, компания фаолиятида молиявий пирамида элементлари аниқланмаган.

Компаниянинг шаръий талабларга мувофиқ фаолият юритиши масаласи ҳам алоҳида текширилмоқда. Бу жараённи халқаро “Usmani’s” ташкилоти амалга ошираётгани маълум қилинди. Ташкилот ҳаммуассиси видеомурожаат орқали айни пайтда олиб борилаётган аудит жараёни ва унинг тафсилотлари ҳақида маълумот берди.

Бундан ташқари, учрашувда компаниянинг Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги реестрига киритилгани ва тез орада ушбу агентлик назоратига ўтиши ҳақида ҳам маълум қилинди.

Тадбирда IMAN компанияси қошида ташкил этилаётган ички Шариат кенгаши масаласи ҳам муҳокама қилинди. Кенгашга раҳбарлик қилиши кутилаётган таниқли диний уламo Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид уни шакллантириш жараёни ҳақида маълумот берди.

Таъкидлаш жоизки, 17 ноябрь куни журналистларга тақдим этилган маълумотлар халқаро аудиторлик ва ҳуқуқий ташкилотларнинг дастлабки хулосалари ҳисобланади. Якуний аудит натижалари ҳам журналистлар иштирокида алоҳида тақдим этилиши маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг