“Халқнинг пули ишлатиб юборилди”. Маҳмуд Усмон IMAN Holding бўйича янги маълумотларни очиқлади

Business

−

image

Аввалроқ, Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши вакили Маҳмуд Усмон ўзининг расмий саҳифасида баёнот бериб, “Iman Invest” компанияси фаолиятидаги молиявий тафовутлар ва инвесторлар маблағлари билан боғлиқ муаммоларни очиқлаган, хусусан, компаниянинг 70 миллион долларлик портфелида 20 миллион доллар камомад борлигини билдирган эди. Шундан сўнг, IMAN Holding раҳбарияти ушбу иддаоларга муносабат билдириб, келтирилган суммани бевосита зарар сифатида баҳолаш нотўғри эканини таъкидлаганди.

Бу баёнотдан кейин Маҳмуд Усмон IMAN Holding раҳбарининг муносабатига жавобан ўзининг навбатдаги расмий баёнотини эълон қилди. 

Камомад миқдори қандай аниқланган?

Маҳмуд Усмон 20 миллион долларлик камомад ҳақидаги рақам шахсий ҳисоб-китоби эмаслигини юилдирди. Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич мутахассислар томонидан амалга оширилган ҳисоб-китоблар натижасида келиб чиққан. Ушбу маълумотларни мутахассислар тақдим этган ҳужжатлар ва тафтиш комиссияси йиғилишларининг ёзувлари орқали тасдиқлаш мумкин.

“Ҳужжатларда 20 миллион доллар камомад бор деб айтилган. Бу менинг гапим эмас, мен молиячи эмасман. Молиячи одамлар 20 миллион доллар камомад бор деган”, дейди у.

Унинг қайд этишича, кенгашда мавжуд ҳужжатларни икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳга тафтиш комиссияси ва аудиторларнинг ўз фаолиятига тегишли ҳужжатлари кирса, иккинчиси IMAN Holding’нинг ички молиявий маълумотларидан иборат.

Маҳмуд Усмон компаниянинг ички ҳужжатлари махфийлик келишуви туфайли ҳозирча эълон қилинмаганини билдирган. Шу билан бирга, IMAN Holding рухсат берган тақдирда, уларни тақдим этишга тайёрлигини айтган.

Унинг фикрича, камомаднинг аниқ миқдорини белгилаш учун компаниянинг инвесторлар олдидаги умумий мажбуриятлари унинг бу мажбуриятларни қоплай оладиган ҳақиқий соф активлари билан таққосланиши керак. Бу жараённи мустақил аудиторлар ёки ваколатли давлат органлари ҳам амалга ошириши мумкин.

Инвесторлар маблағига автомобиль харид қилингани ҳақида

Маҳмуд Усмон компания маблағлари ҳисобидан автомобиль сотиб олиниши билан боғлиқ ҳолатни ҳам тилга олди. Унинг даъво қилишича, бунинг учун алоҳида масъулияти чекланган жамият ташкил этилган ва унга инвесторлар маблағларидан тахминан 128 минг доллар ўтказилган.
Автомобилдан бир неча ой фойдаланилганига қарамай, бу давр учун тўлов қилинмаган. Шунингдек, операция бўйича ёзма савдо шартномаси ҳам тузилмаган.

Маҳмуд Усмоннинг айтишича, ҳолат тафтиш комиссияси томонидан аниқланганидан кейин автомобилни сотиш ва маблағни қайтариш талаби қўйилган. Пул кейинчалик қайтарилган, аммо инвесторлар маблағидан фойдаланилган давр учун олиниши мумкин бўлган даромад масаласи ҳал этилмай қолган.

“У машина пули қайтарилган, фойдаси-чи? У халқнинг пули бўлган, халқнинг пули бир жойга олиб қўйилди, ишлатиб юборилди”, деди Маҳмуд Усмон.

Бундан ташқари, у компанияга алоқадор бошқа автомобиллар ҳамда ўн ой давомида ҳақ тўланмасдан фойдаланилган хонадон масаласига эътибор қаратган. Унинг айтишича, бу борадаги асосий эътирозлардан бири мазкур операциялар ҳақида шаръий назорат кенгашига маълумот берилмагани билан боғлиқ.

2,97 миллион долларлик қарз масаласи

IMAN Holding ўз баёнотида бошқарув компаниясининг 2,97 миллион доллар қарзи борлигини ҳам қайд этган эди. Маҳмуд Усмон ушбу маълумотга ҳам изоҳ берди. Унинг тушунтиришича, инвесторлар маблағлари сақланадиган коммандит ширкат билан ушбу маблағларни бошқарувчи масъулияти чекланган жамият алоҳида тузилмалар ҳисобланади.

Бошқарув компаниясининг инвесторлар учун ажратилган маблағлардан фойдаланиши масаласига тўхталар экан, Маҳмуд Усмон ушбу пуллар иш ҳақи, ижара, тадбирлар ва бошқа операцион харажатларга сарфланганини айтди. Унинг фикрича, бундай маблағларни компаниянинг қарзи сифатида кўрсатиш тўғри эмас ва бу ислом молияси тамойилларига зид ҳисобланади.

Маҳмуд Усмоннинг таъкидлашича, 2,9 миллион доллар инвесторлар маблағларидан фойдаланилган жами сумма эмас, балки ҳозиргача қайтарилмаган маблағлар қолдиғидир. Унинг даъво қилишича, бундай амалиёт компанияда бир неча йил давомида мунтазам кузатилган.

“Бу МЧЖнинг фоизсиз қарзи эмас, МЧЖнинг ишлатиб юбориб, ҳали ҳам тўлолмаган халқнинг пули”, дейди у.

Муаммоли қарзлар бўйича ҳисоб-китоблар

Усмон IMAN Holding томонидан муаммоли қарзлар улушига доир келтирилган маълумотларни ҳам шубҳа остига олган. Унинг айтишича, компания 300 кундан ортиқ вақт давомида қайтарилмаган қарзларни муаммоли деб баҳолаган ва уларнинг умумий улуши 3,5 фоиз эканини билдирган. Бироқ Маҳмуд Усмон банк амалиётида муаммоли кредитларни аниқлаш учун, одатда, тўлов муддати 90 кундан ортиққа кечиккан ҳолатлар мезон сифатида олинишига эътибор қаратган.

Унинг фикрича, қарзларни турли муддатлар асосида баҳолаш компаниянинг молиявий ҳолати ҳақида нотўғри тасаввур уйғотиши мумкин. Агар тўлови 90 кундан ортиқ муддатга кечиккан қарзлар ҳам ҳисобга олинса, муаммоли қарзлар ҳажми анча юқори бўлиши мумкин.

Шунингдек, Усмон айрим қайтарилмаган маблағлар инвесторларга даромад сифатида ҳисоблангани ва тарқатилганини даъво қилди. Унинг тушунтиришича, бундай вазиятда аввалги инвесторларга тўланган даромаднинг бир қисми кейинчалик компанияга киритилган янги инвесторлар маблағлари ҳисобидан қопланган бўлиши мумкин. У мазкур ҳолатни компания фаолиятидаги жиддий муаммолардан бири сифатида кўрсатган.

“Муаммоли қарзларнинг ўзи муаммо эмас, муаммоли қарзларнинг аллақачон даромад ҳисобланиб, одамларга тарқатиб бўлингани муаммо”, дейди у.

SAFE шартномалари бўйича эътирозлар

Маҳмуд Усмон компания томонидан SAFE (Simple Agreement for Future Equity) шартномалари асосида маблағ жалб қилингани юзасидан ҳам бир қатор эътирозларни билдирди. Ушбу шартномалар инвесторга келгусида компаниядан улуш олиш имконини берувчи молиялаштириш келишувларидир.

Унинг айтишича, компания раҳбари мазкур шартномалар орқали бир неча миллион доллар маблағ жалб қилган бўлса-да, айрим инвесторлар ҳанузгача расмий улушдор сифатида рўйхатдан ўтказилмаган.

Усмон бундай келишувларда қарз ва келгусидаги улуш бериш механизмлари бирлаштирилганини, бу эса ислом молияси талабларига мувофиқ эмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, унинг даъво қилишича, шартномаларнинг айримлари бир неча йил аввал тузилган бўлса-да, шаръий назорат кенгаши билан келишилмаган.

Маҳмуд Усмон компания фаолиятини ислом молияси тамойилларига мослаштириш учун ушбу келишувларни қайта кўриб чиқиш, шунингдек, инвесторларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш лозимлигини қайд этди.

Янги оммавий оферта шартлари ҳам савол остида

Компаниянинг янги оммавий оферта ҳужжати ҳам Маҳмуд Усмоннинг эътирозларига сабаб бўлган. Унинг маълум қилишича, ҳужжатга инвесторлар киритган маблағларнинг бир қисми ёки тўлиқ йўқотилиши мумкинлигини назарда тутувчи 9.5-банд киритилган.
Ушбу ўзгаришлар аввалдан компания билан ҳамкорлик қилиб келаётган инвесторларга бир томонлама татбиқ этилмаслиги керак, деб ҳисоблайди Усмон.

Бундан ташқари, у янги офертанинг расмийлаштирилган санасига ҳам эътибор қаратган. Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда сентябрь ойи кўрсатилган бўлса-да, янги шартлар фойдаланувчиларга октябрь ойида, кенгаш ҳамкорликни тўхтатгани ҳақидаги баёнотдан кейин тақдим этилган. Шу муносабат билан Маҳмуд Усмон ҳужжатнинг ҳақиқий тузилган санасини аниқлаш учун тегишли экспертиза ўтказиш зарурлигини билдирган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends