Илон Маскни Канада фуқаролигидан маҳрум қилишмоқчи
Олам
−
25 Февраль 3077 2 дақиқа
200 мингдан ортиқ канадалик америкалик тадбиркор, SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маскни Канада фуқаролигидан маҳрум қилишга чақирувчи парламент петициясини имзолади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, бунга Маскнинг Канадани аннексия қилиш ва уни 51-штатга айлантириш билан таҳдид қилган Дональд Трамп билан иттифоқчилиги сабаб бўлган. Ҳужжатда айтилишича, Маск Президент Трампнинг маслаҳатчиси сифатида Канаданинг миллий манфаатларига зид ҳаракатларда иштирок этмоқда ва унинг суверенитетига путур етказмоқда. Петиция Бош вазир Жастин Трюдони Маскнинг Канада фуқаролигини зудлик билан қайтариб олишга чақиради.
“Трамп Канада маҳсулотларига божлар билан таҳдид қилиш ва уни аннексия қилиши билан очиқчасига мақтаниш орқали Канаданинг 40 миллионлик аҳолисининг нафратига сазовор бўлди”, дейилади хабарда.
Жанубий Африкада туғилган Илон Маск Саскачеван провинцияси Режайна шаҳридан бўлган онаси туфайли Канада фуқаролигини олган. Бундан ташқари, у АҚШ ва ЖАР фуқаролигига ҳам эга. Петициянинг кейинги тақдири Канада Жамоалар палатасига тақдим этилишига боғлиқ. Имзо йиғиш муддати 2025 йил 20 июнда тугайди. Тўрт кун ичида у 200 мингдан ортиқ овоз тўплаган.
Петициянинг кейинги тақдири Канада Жамоалар палатасига тақдим этилишига боғлиқ. Канада парламенти 24 мартдан ўз фаолиятини қайта бошлайди, аммо шу санагача умумий сайловлар ўтказилиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Бундай петициялар Жамоалар палатасида кўриб чиқилиши ва ҳукуматнинг расмий жавобини олиши учун камида 500 та имзо тўпланиши лозим.
Бу воқеалар Трампнинг божхона тарифларини жорий этиш таҳдиди туфайли Канада ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб бораётган бир пайтда содир бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Reuters” ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб, АҚШ ҳукумати Украинани Илон Маскнинг Starlink сунъий йўлдош интернет тизимига киришни тўсиб қўйиш билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ Илон Маск агентлик хабарини рад этгани ҳақда маълум қилинганди.
Live
Барчаси