Илон Маск Трампнинг Тwitter'даги аккаунтини тикламоқчи
Олам
−
19 Ноябрь 2022
3229Кеча, 18 ноябрь куни Тwitter компаниясининг бош ижрочи директори Илон Маск ўзининг шахсий саҳифасида сўровнома ўтказди. Маск фойдаланувчиларга собиқ Президент Дональд Трампнинг Тwitter'даги ҳисобини қайта тиклаш керакми ёки йўқ деган савол билан мурожаат қилган.
Маск ўз мурожаатида лотин тилидаги “ Vox Populi, Vox Dei” иборасини қўшимча қилган. Бу “халқ овози – Худонинг овози” деган маънони англатади.
Сўровномада иштирок этганларнинг тахминан 60 фоизи Трампнинг аккаунтини қайта тиклаш кераклигини билдирган. Сўровнома 24 соат давом этган.
Трампнинг саҳифаси унинг тарафдорлари 2021 йилнинг май ойида Капитолийга қилган ҳужуми ортидан блокланган эди. Эндиликда Маск собиқ Президентнинг аккаунтига қўйилган чеклов бекор этилишини маълум қилди.
18 ноябрь кунининг тонгида дунёнинг энг бой одами Тwitter'нинг баҳсларга сабаб бўлган фойдаланувчиларнинг ҳисоблари қайта тикланганини билдирди. Бироқ ижтимоий тармоқда мунозарали чиқишлари билан танилган Трампнинг саҳифаси ҳақида якуний қарор чиқарилмаганини айтган эди. Аммо обуначиларнинг фикрини ўрганиб, Трампнинг саҳифаси тикланади, деган қарорга келди.
Маскнинг Тwitter'га кимларнинг қайтиши кераклиги тўғрисида фойдаланувчилардан маслаҳат олиши компанияда қайта қуриш бошланганини билдиради. Бу тадбиркорнинг директорлар ва ходимларнинг катта қисмини нима учун ишдан олаётгани ҳам изоҳлайди.
Аввалроқ 7 нафар демократ сенатор Маскга қарши Федерал савдо комиссиясига хат ёзганди. Шунингдек, Тwitter'да ишдан бўшашнинг янги тўлқини бошлангани ҳам маълум бўлган.
LiveБарчаси