Илон Маск Трампни Оқ уйга қайтариш учун 260 млн доллар сарфлади
Олам
−
06 Декабрь
2687Теsla, SpaceX ва X ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск Дональд Трампнинг Оқ уйга қайтишига ёрдам бериш учун қарийб 260 миллион доллар сарфлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Нашрда келтирилишича, Илон Маск президентлик кампаниясининг энг йирик сиёсий ҳомийларидан бирига айланган ва бу йилги сайловларнинг натижаларига жуда катта таъсир кўрсатган.
АҚШ президенти этиб сайланган Трамп аввалроқ Маск ва Вивек Рамасвами ҳукумат самарадорлигини ошириш ва бюрократияга қарши курашиш билан шуғулланадиган янги идорага раҳбарлик қилишини эълон қилган эди. Трампнинг айтишича, бу идора кенг кўламли таркибий ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида Оқ уй ва унинг Маъмурий-бюджет бошқармаси билан ҳамкорлик қилади.
Кеча, 5 декабрь куни Федерал сайлов комиссиясига келиб тушган аризалар шуни кўрсатадики, Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маск Трампга овоз берувчиларни саралаб олиш учун ишлаган America РАC’га жами 238 миллион доллар ажратган.
Маск, шунингдек, Трампни қўллаб-қувватлашга ундовчи кескин рекламаларни чоп этган MAHA Альянсига (Maha Alliance) 3 миллион доллар пул ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Bloomberg” Маскнинг бойлиги 348 миллиард долларни ташкил этиб, тарихий даражага эришганини хабар қилганди.
Маъруфалиева Моҳимбегим
LiveБарчаси