Илон Маск SpaceX’дан қанча маош олади?
Бу қизиқ
−
11:06 7508 2 дақиқа
SpaceX компанияси IPO олдидан инвесторлар учун тақдим этган ҳужжатларида компания раҳбари Илон Маскнинг йиллик расмий маоши 2019 йилдан бери 54 минг доллар эканини маълум қилди.
Шу билан бирга, Маск учун алоҳида бонус дастури ҳам назарда тутилган. У белгиланган мақсадларга эришилган тақдирда компания акцияларини олиши мумкин. Максимал мукофотни қўлга киритиш учун SpaceX Марсда камида 1 миллион аҳолига эга доимий яшаш жойи барпо этиши керак бўлади. Бундан ташқари, компаниянинг бозор қиймати 7,5 триллион долларга етиши лозим.
SpaceX инвесторлар учун тайёрланган ҳужжатда эҳтимолий хавфлар ҳақида ҳам маълумот берган. Ҳужжатнинг 38 саҳифаси турли таваккалчиликларга бағишланган бўлиб, асосий хавфлардан бири Starship дастури билан боғлиқ экани қайд этилган.
Компания стратегиясининг катта қисми қайта ишлатиладиган оғир ракета — Starship лойиҳасига таянади. Бироқ SpaceX ушбу дастур бўйича белгиланган мақсадларга ўз вақтида ёки умуман эришилишини кафолатлай олмаслигини билдирган. Бу ҳолат янги авлод сунъий йўлдошларини учириш ва орбитадаги дата-марказлар лойиҳаларига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Компания, шунингдек, орбитадаги дата-марказлар, Ой ва Марсни ўзлаштириш каби бир қатор ташаббуслар амалда ҳали синовдан ўтмаганини тан олган.
SpaceX ракета учиришлари доим авария хавфи билан боғлиқлигини таъкидлаб, ракета, сунъий йўлдош ва бошқа юклар суғурта қилинмаслигини маълум қилди. Йўқотишлар юз берган тақдирда молиявий зарар компания зиммасида қолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Google Илон Маскнинг SpaceX компанияси ва бошқа ҳамкорлар билан “Project Suncatcher” номли орбитал маълумотлар маркази лойиҳаси доирасида келажакдаги парвозлар бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси