Илон Маск одамларни роботлаштирмоқчи
Технология
−
27 Июль 2023
5969Илон Маск ўтган ҳафта Дубайда бўлиб ўтган Жаҳон ҳукумати саммитида ўзининг навбатдаги мақсади одамларни киборг (робот)лаштириш эканлигини айтди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Маскнинг таъкидлашича, сунъий интеллект янада такомиллашгани сари оммавий ишсизлик ортиб боради.
"Робот одамдан кўра яхшироқ бажара олмайдиган ишлар тобора камайиб боради. Агар келажакда сунъий интеллект ҳукмронлик қиладиган бўлса, одамлар ўз аҳамиятини сақлаб қолиш учун киборгга айланиши керак", деди у.
Унинг сўзларига кўра, одамлар "биологик идрок ва машина салоҳиятини бирлаштириш" орқали ўз имкониятларини ошириши керак. Агар бу амалга оширилмаса, инсоният сунъий интеллект учун "уй мушуклари" бўлиб қолади.
Назария шундан иборатки, миядаги нерв фаоллиги ҳақида етарли билимга эга бўлган ҳолда, одамларга қўшимча когнитив (қўшимча хотира) ёки сезги (тунги кўриш) қобилиятларини бериши мумкин бўлган “нейропростетиклар”ни яратиш мумкин бўлади.
Ҳозиргача мия-компьютер интерфейслари нисбатан содда вазифалар учун ишлатилади. Масалан, фалаж бўлган беморлар учун восита бошқарувини тиклашда ёки мия шикастланиши билан оғриган беморларда алоқани таъминлашда ишлатилиши мумкин.
Ушбу амалиёт бир қарашда фантастик фильмлардагидек кўриниши мумкин. Аммо у билан боғлиқ бир қанча кичик тажрибалар аллақачон амалга оширилган. Хусусан, ўтган йили мияни рағбатлантириш учун ташқи электр сигналларидан фойдаланиш тажрибаси Нейтан Купленд исмли бола билан ўтказилган. Унга икки томонлама алоқага эга протез қўл ўрнатилган. Тажрибадан сўнг у нафақат қўлини бошқара олади, балки унга тегилганда сезади.
Шунга қарамай, булар Илон Маскнинг одам ва машина ўртасидаги уйғунлашуви ҳақидаги тасаввуридан анча узоқдир. Бу эса мия тармоғини янада чуқурроқ тушунишни талаб қилади.
“Бизнинг миямизда 80 миллиарддан ортиқ нейронлар мавжуд. Ускуналаримиз ҳозирда бизга жуда оз сонли нейронларга кириш имконини беради”, деди СИ ёрдамида инсон интеллектини оширишга йўналтирилган Кернел компанияси асосчиси Браян Жонсон.
Баъзи олимлар ушбу назарияга қарши. Сабаби одамларни киборглаштириш бир қанча хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, инсон миясига микрочип ўрнатилиши натижасида уларнинг хаёлларини ўқиш мумкин бўлади. Фикрни ўқийдиган қурилмалар ёки имплантлар махфийликка оид мисли кўрилмаган муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
“Микрочипларнинг учинчи шахслар томонидан бузиб кирилиши хавфи мавжуд. Бу фойдаланувчининг ҳаракатларни амалга ошириш ниятига тўсқинлик қилиши, чипдан маълумот олиш орқали шахсий ҳаётнинг дахлсизлигини бузиши мумкин”, деди нейроэтика бўйича мутахассис Уолтер Гленнон.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг “Unitree Robotics” компанияси уй ҳайвонларининг ўрнини босувчи Go2 ақлли роботини тақдим этди.