Илон Маск 400 млрд доллардан ортиқ бойлиги бор дунёдаги илк одамга айланди
Олам
−
15:09
1260Америкалик миллиардер, SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск тарихда бойлиги 400 миллиард доллардан ошган биринчи шахс бўлди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Охирги қадам SpaceX компаниясига акцияларни сотиш бўлди, бу “Bloomberg Billionaires Index” маълумотларига кўра Маскнинг соф бойлигини тахминан 50 миллиард долларга ошириб, 439,2 миллиард долларга етказди. Маскнинг бир кунлик бойлиги 62,8 миллиард долларга ўсиши рекорд даражадаги энг катта кўрсаткич бўлиб, индексга кўра, биринчи марта дунёдаги энг бой 500 кишининг умумий бойлигини 10 триллион доллардан оширишга ёрдам берган.
“Forbes”га кўра, ҳозирда Маскнинг бойлиги 367,5 миллиард долларни ташкил қилади. У ҳали ҳам журналнинг миллиардерлар рўйхатида биринчи ўринда қолмоқда.
“Bloomberg” таъкидлашича, 2022 йил охирида Маскнинг капитали 200 миллиард доллардан кўпроққа қисқарган, бироқ яқинда ўсишни бошлаган ва айниқса Қўшма Штатларнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг сайловдаги ғалабасидан кейин кескин ўсган.
Tesla акциялари 65 фоизга ўсди, бу Трампнинг ўзи бошқариладиган автомобилларни ишлаб чиқаришни осонлаштириши ва электромобиллар учун солиқ имтиёзларини тугатиши ҳақидаги умидлар билан кучайган.
Маскнинг бошқа компанияси SpaceX ҳозирда 350 миллиард долларга баҳоланиб, у дунёдаги энг қиммат хусусий стартапга айланган.
Маск бойлиги бўйича Amazon асосчиси Жефф Безос ва Meta раҳбари Марк Цукербергдан олдинда бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Guardian” Илон Маскнинг 3 йил ичида триллионерга айланиши прогноз қилинаётгани ҳақида ёзганди. “Informa Connect Academy” гуруҳининг ҳисоб-китобларига асосланса, Маскнинг бойлиги йиллик ўртача 110 фоизга ўсиб бормоқда. 2028 йилда бизнес-конгломерат асосчиси Гаутам Адани (Ҳиндистон) дунёдаги иккинчи триллионерга айланади. Унинг бойлиги йилига ўртача 123 фоизга ошади. Шунингдек, 2028 йилда Nvidia бош директори Женсен Хуанг ва индонезиялик магнат Пражого Пангесту бир триллионга эга бўлиши мумкин.
LiveБарчаси