ИЛМА Отабек Бакиров устидан ИИББга шикоят киритди
3-саҳифа
−
17 Апрель 10685 4 дақиқа
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров устидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига шикоят аризаси киритди. Аризага TEMU платформасининг тақиқланишига муносабат тарзида ёзилган “Қонунсиз суперрегулятор” пости сабаб бўлган. Бу ҳақда Бакировнинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълум қилди.
Агентлик Бакиров томонидан ёзилган постни обрўсизлантиришга уриниш деб баҳоламоқда.
Билдирилишича, шикоятни Агентлик раҳбари биринчи ўринбосари Вячеслав Пак имзолаган. Шикоятга Агентлик ишончли вакилининг тушунтириш хати илова қилинган. Ариза ҳозирда пойтахт ИИББ Киберхавфсизлик бўлинмаси томонидан ўрганилмоқда.
“Кеча оқшом чақирув бўйича терговга дастлабки тушунтиришларни ёзма ва оғзаки тарзда тақдим этдим (иш бўйича ҳужжатлардан нусха ҳали берилмади)”, деб ёзган Отабек Бакиров.
Иқтисодчи TEMU платформасининг тақиқланиши бўйича бугунгача ёзган тўртта постини ҳам илова қилган. Агентликнинг блогер устидан шикоят қилишига олиб келган постда эса шундай дейилган:
“Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Ўзбекистонда ҳеч бир қонунсиз суғурта, капитал, крипто-активлар ва электрон тижорат фаолиятининг регуляторига айланиб қолган. Унинг фаолиятини тийиб турувчи, тартибга солувчи, манфаатлар тўқнашувини олдини олувчи бирон бир Қонун йўқ. Шунинг учун амалда агентлик хоҳлаган нағмасини чалиши, истаган тажрибасини ўтказиши мумкин. Ҳам расман, ҳам норасман (бу қисми алоҳида табу ва жуда чуқур муаммо).
Ҳозир ҳеч ким эсламайди, 2017 йилда бу агентлик бутунлай бошқа вазифа ва мақсадлар учун тузилганини. Келинглар, барака топгурлар, бироз эслаб кўринглар.
Кейин, айниқса, охирги 3 йилда бирин-кетин унга янги ваколатлар берилиб, бошқалардан олиб ўтказилиб, раҳбарияти фавқулодда маъмурий ресурслар билан қувватлантирилиб, суперрегуляторга айлантирилди. Бу жараёнда ҳеч ким сўрамади, тўхтанглар, аввал суперрегулятор ҳақида қонун бўлсин, қонунда белгилаб олайлик деб.
Мана натижаси. Исталган пайтда, хоҳлаган деструктив ё бирёқлама қарорини қиладиган навбатдаги бюрократик аждарҳога эга бўлдик. Тизимни Қонун устига эмас, садоқатли шахслар устига қурдик. Йўқ жойдан ўзимиз ясадик уларни.
Оқибатини кўп тортамиз, товонини кўп тўлаймиз. Булар билан ҳали бошимиз деворга кўп ўрилади, аниқроғи уришади”.
Бакировнинг қайд этишича, шикоятда шу постларнинг фақат биттасига эътироз ва норозилик билдирилган, қолган постлар мазмуни ва мундарижасига, шунингдек, постлар ёзилишига асос бўлган сабабларга тўхталиш кўзга ташланмаган.
Журналист ва блогерларга таъқиблар
Тошкент Давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари Р. Алтиев ва О.Нарзиев ўзларининг “шаън ва қадр-қиммати, ишчанлик обрўйини тўкиш”да айблаб, Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановни “Сизга ачинаман, жаноблар” номли пости учун судга берган ва 200 миллион сўм маънавий зарар талаб қилган. 11 апрель куни ушбу ҳолат бўйича суд иши бошланди.
MY5 телеканали мухбири Рухсора Ғафурова Жиззах вилоятида Халқ банки ходимаси бир неча фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзлаштириб юборгани ҳақида суриштирув эълон қилган эди. Унда мурожаатчилар икки йилдирки ойлик ва пенсия маблағлари ўзларининг номига банк ходими томонидан олинган кредит сабаб банкка ўтиб кетаётганини айтишган. Мазкур суриштирувдан сўнг маъмурий иш очилди. Лекин кредит пулларни бировнинг номига расмийлаштириб, уни ўзлаштириб юборгани айтилган банк ходимига эмас, балки бу муаммони ёритиб чиққан журналистга. 26 февраль куни ушбу иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилиши керак эди, аммо маълум сабабларга кўра, суд ишни терговга қайтариб юборди.
Халқ банки ходими журналистик суриштирув давомида унинг исми очиқланганидан норози бўлган ва журналистни судга берган. Аммо суриштирув давомида фуқаронинг ўзи у номига кредит олган банк ходимининг кимлигини очиқлаган. Шу сабабдан, журналистнинг адвокати унинг ҳеч қандай қонун-қоидани бузмаганини айтди. Ҳимоя томони фикрига кўра, Рухсора Ғафурова томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилмаган ва шахсий маълумотларни ошкор қилишга қаратилган ҳаракатлар йўқ. Рухсора Ғафурова шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда оммага ошкор қилгани юзасидан қўзғатилган иш кўриб чиқиш учун муддат ўтиб кетгани важи билан тугатилди.
Live
Барчаси