Иккинчи “МО-Германия” саммити Марказий Осиёда бўлади
Олам
−
30 Сентябрь 2023
4577Марказий Осиё етакчилари ва Германия канцлерининг иккинчи саммити 2024 йилда Марказий Осиё давлатларидан бирида бўлиб ўтади. Бу ҳақда раҳбарларнинг биринчи саммити якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда маълум қилинди.
“Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари канцлерга Берлиндаги учрашувни ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди. Давлат раҳбарлари келгусидаги алоқаларни ривожлантиришга келишиб олди ва 2024 йилда Марказий Осиё давлат раҳбарлари ва Германия Федерал канцлерининг навбатдаги учрашувини Марказий Осиёда ташкил этиш таклифини олқишлади”, дейилади қўшма баёнотда.
Шунингдек, етакчилар ядро қуролидан холи зоналарнинг қўшнилар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, тинчлик ва ҳамкорликка кўмаклашиш, ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага мувофиқ глобал ядровий қуролсизланиш ва тарқалмаслик архитектурасини мустаҳкамлашнинг ноёб минтақавий механизмлари сифатидаги муҳим ролини таъкидлаган. Шу нуқтаи назардан, давлат раҳбарлари 2006 йилда Марказий Осиёда Шимолий ярим шардаги биринчи ядро қуролидан холи ҳудуд яратилганини эслатган.
Маълумот учун, кеча, 29 сентябрь куни Берлинда бўлиб ўтган биринчи Марказий Осиё-Германия саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтганди. Унда АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентлари қатнашганди. Тадбир сўнгида АҚШ Президенти Жо Байден Марказий Осиё давлатларидан бирига келишни режалаштираётганини айтганди.