Икки вилоятда қарийб 2 млрд сўмлик электр ўғирланди
3-саҳифа
−
12:23 887 2 дақиқа
Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 6 та ҳолат аниқланди. Бунинг оқибатида давлат бюджетига жами 1,86 млрд сўмдан зиёд зарар етказилди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура штаби томонидан Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида ўтказилган назорат тадбирида “А. Г.” МЧЖга қарашли корхона ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, 439 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган.
Шунингдек, Касби туманида якка тартибдаги тадбиркор Ч. С. га қарашли бинода ҳам шундай қоидабузарлик аниқланиб, таъминот корхонасига 118 млн сўмлик зарар етказилгани қайд этилган. Чироқчи туманидаги “Қ. С. Т.” МЧЖга қарашли сув насосларида аниқланган ноқонуний фойдаланиш ҳолати бўйича зарар 122 млн сўмни ташкил қилган.
Самарқанд вилоятида ҳам 3 та шундай ҳолат аниқланган. Жумладан, Самарқанд туманида якка тартибдаги тадбиркор М. С. га қарашли корхона ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб, 524,7 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шу тумандаги “С. А. И.” МЧЖга қарашли бинода аниқланган қоидабузарлик натижасида 180 млн сўмлик, Булунғур туманида якка тартибдаги тадбиркор М. А. га қарашли нотурар бинода қайд этилган ҳолат оқибатида эса электр таъминоти корхонасига 477 млн сўмлик зарар етказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё, Тошкент, Наманган ва бошқа ҳудудларда ўтказилган текширувларда қарийб 2,5 млрд сўмлик электр энергияси талон-торож қилингани фош этилганди.
Live
Барчаси