Иқтисодиёт бўйича Нобель аёллар меҳнат бозорини ўрганган олимага берилди
Олам
−
09 Октябрь 2023
3324Америкалик Клаудия Голдин 2023 йилда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотини қўлга киритди. Бу ҳақда бугун, 9 октябрь куни Нобель қўмитаси маълум қилди.
Билдирилишича, у аёлларнинг меҳнат бозоридаги аҳволи ҳақидаги тадқиқоти учун ушбу мукофотга лойиқ кўрилган.
"Архивларни саралаш ва тарихий маълумотларни тўплаш ва тузатиш орқали Голдин янги ва кўпинча ҳайратланарли фактларни тақдим этишга муваффақ бўлди. У ўз таҳлилида аёлларнинг танлови кўпинча никоҳ, уй ва оила учун масъулият билан чегараланган ва чекланганлигини исботлай олди", дейилади Нобель қўмитаси хабарида.
Голдин 200 йилдан ортиқ маълумотларни тўплаб, аёлларнинг даромадлари ва ўша вақтдаги меҳнат бозоридаги иштироки тўғрисида тўлиқ маълумот бериб, даромад ва бандлик даражасидаги гендер фарқлари қандай ва нима учун ўзгарганини таҳлил қилди. Унинг тадқиқотлари меҳнат бозоридаги доимий гендер тафовутининг сабабларини тушунтиради. Голдиннинг фикрича, туғилишни назорат қилиш таблеткаларидан фойдаланиш меҳнат бозорида муҳим роль ўйнаган ва аёлларга карьерасида ўсиш имкониятини берган.
"Аёлларнинг меҳнат бозоридаги ролини тушуниш жамият учун муҳим. Клаудия Голдиннинг кашшоф тадқиқотлари туфайли биз энди асосий омиллар ва келажакда қандай тўсиқларни бартараф этиш кераклиги ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлдик", дейди иқтисодиёт фанлари бўйича қўмита мукофотлари раиси Якоб Свенссон.
Маълумот учун, Клаудия Голдин 1946 йилда Нью-Йоркда туғилган. У фалсафа доктори, Гарвард университети профессори саналади.
Иқтисодиёт бўйича мукофот физиология ва тиббиёт, кимё, физика, адабиёт ва тинчлик бўйича Нобел мукофотларидан фарқли ўлароқ, Алфред Нобелнинг ўзи эмас, балки 1968 йилда Швеция Миллий банки томонидан таъсис этилган. Иқтисодиёт бўйича жорий мукофот 1969 йилдан бери 55-марта берилади.
2023 йилги Нобель мукофоти лауреатлари
Ўтган ҳафтада қолган бешта Нобель мукофоти совриндорлари маълум бўлди. Эронлик ҳуқуқ фаоли Наргис Муҳаммадий Тинчлик мукофоти билан тақдирланди. Адабиёт мукофоти норвегиялик ёзувчи ва драматург Юн Фоссега берилди. Кимё бўйича мукофот квант нуқталарини кашф этгани ва синтез қилгани учун Мунги Бавенди, Луис Брус ва Алексей Екимовга берилди. Физика бўйича Нобель мукофоти Пьер Агостини, Ференс Краус ва Анн Л’Ҳуилега "моддадаги электронлар динамикасини ўрганиш учун аттосекундли ёруғлик импульсларини яратишнинг экспериментал усуллари учун" берилди. Физиология ёки тиббиёт бўйича Нобель мукофоти Каталин Карико ва Дрю Вайсман томонидан COVID-19 га қарши мРНК вакциналарини ишлаб чиқишга олиб келган тадқиқотлари учун берилган.
2023 йилда Нобель мукофоти 11 миллион швед кронасини (1 миллион доллардан сал кам) ташкил қилади. Ғолибларга Нобель медаллари ва дипломлари ҳам топширилади. Тинчлик учун Нобель мукофоти лауреатлари Норвегиянинг Осло шаҳрида, бошқа тоифадаги лауреатлар эса Швециянинг Стокгольм шаҳрида топширилади. Тақдирлаш маросимлари 10 декабрь – Алфред Нобель вафот этган куни бўлиб ўтади.