ИИВ радикал, диний экстремистик ғоялар тарғиботи бўйича огоҳлантириш билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларига радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт ғояларни тарғиб қилувчи маълумотлар юзасидан огоҳлантириш мурожаатини йўллади. Унда шундай дейилади: 

“Айни кунларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида турли радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт ғояларни тарғиб қилувчи маълумотлар тарқалмоқда.

Шу муносабат билан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига турли радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт бўлган ғояларни тарғиб қилувчи маълумотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-модда (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш), 2443-модда (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)ларида белгиланган жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирамиз.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини (журналист, блогер ва фуқаролар) омма эътиборига ҳавола қилинаётган маълумотларни аввало қонунга хилоф эмаслигини ўрганиб чиқишингизни сўраймиз”, дейилади огоҳлантиришда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддасига кўра, Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар, шунингдек, миллий, ирқий, этник мансублиги ёки динга муносабатига қараб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ёхуд уларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш — икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли усулда;
б) баданга оғир шикаст етказган ҳолда;
в) фуқароларни доимий яшаш жойидан зўрлик ишлатиб кўчирган ҳолда;
г) мансабдор шахс томонидан;
д) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 2443-моддасига кўра, диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ички ишлар вазирлиги

Баҳолаганлар

152

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг