ИИВ: “Миразиз Бозоров ташқи кучлар қўллови остида ҳаракат қилмоқда”
Жамият
−
29 Март 2021
54124Хабарингиз бор, кеча, 28 март куни пойтахт Тошкентнинг Амир Темур хиёбони атрофида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидан бесоқолбозликка оид моддани чиқариб ташланишига қарши тартибга солинмаган норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Айни вақтда ушбу намойишларда иштирок этган ва тартибсизлик келтириб чиқарган 12 кишига нисбатан жиноий очилган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолат бўйича расмий видеобаёнот билан чиқди.
“Охирги кунларда Бозоров Миразиз исмли фуқаро ўзининг ижтимоий тармоқларида Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” масжиди олдида ва Aмир Темур хиёбонида ноанъанавий жинсий қарашларга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқ билан чиққан. Таъкидлаш керакки, Бозоров бундан аввал ҳам бир неча бор жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, миллатимизга хос бўлмаган хурмача қилиқлари акс этган видео лавҳаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, ўзининг бузуқ хулқ-атворини оммага намойиш қилиб келган
Натижада, 28 март куни унинг номақбул чақириқларини ўзларига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаган бир гуруҳ фуқароларимиз бу ҳолат юзасидан ўз фикр ва қарашларини билдириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Aмир Темур хиёбонига тўпланишди. Бунинг оқибатида мазкур шахслар томонидан оммавий тартибсизлик содир этилиб, жамоат хавфсизлигига путур етказилган. Ўз навбатида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мазкур тартибсизлик кескин бартараф этилиб, ҳуқуқбузарлик келтириб чиқарган шахслар қўлга олинган”, дейилади ИИВ баёнотида.
Вазирликнинг видеомурожаатида қўлга олинган 12 киши юзи беркитилган ҳолатда интервью берган. Улар ўз ишидан пушайман эканини айтмоқда. Улар шундай дейишган:
• “Бу одамнинг гапларига эътибор берманглар. Бунақа фитналарга учиш керакмас экан. Мана биз алдандик, кўрдик кимлигини. Aқл билан иш қилиш керак экан”.
• “Бу маълумот ишончли эмас экан. Ким нима деса кетавермаслик керак. Ҳамма нарсани қайта текшириш керак экан”.
• “Ички ишлар ходимлари ҳам айтишяпти бу нарсани. Ўзимизга яраша тушундик. Шунга қараб хулоса қиламиз”.
• “Бизга бу ерда ҳамма нарсани тушунтиришди. Кўп нарсаларнни билмас эканмиз. Биринчи ўринда қонунни билмас эканмиз. Озгина тезлик, ёшлик қилиб қўйдик”.
• “Бу тартибсизликнинг олди олинганидан, халқ тинчлигидан хурсандмиз. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари вазиятни тинчлантиришда ўз вазифаларни бажаришди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам қонуний ҳаракат қилиш керак экан, деган хулосага келдим”.• “Болаларга айтаманми, “бу ерга кел гаплашамиз”, “яна нимадир қиламиз”, “келинглар гаплашамиз”, деган фитна гап бўлса, шошқалоқлик қилиш керакмас экан. Иложи бўлса эгаларига, орган ходимларига топшириш керак ишни”.
• “Мана шундай йиғилиш қилмоқчи бўлганларга айтаман, биринчи ўринда манга ўхшаб қонуний тарафини ўрганмасдан борманглар. Бесоқолбозликка жиноий жавобгарлик бор экан. Яна бир нарсани айтмоқчиман, бундай жойларга умуман борманглар. Буни бошимдан ўтказдим: фақат хабар тарқатади-ю, лекин ўзлари келмайди”.
• “Қилган хатти-ҳаракатимиз нотўғри экан. Бесоқолбозликка давлат томонидан чоралар бор экан. Ижтимоий тармоқларда турли хабарлар келса, уларнинг фитнасига учиб ўтирманглар”.
• “Aралашиш керак эмас. Уларга чора кўрадиган инсонлар бор, ўзларига қўйиб берайлик”.
• “Укам бу ерда кимларнингдир гапига учиб, керак бўлмаган ишни қилган. Ота-оналарни, ёшларни огоҳликка чақираман. Йўқ нарсаларнинг ортидан юрманглар. Ҳар хил манба, маълумотларга учманглар. Бу нотўғри. Бунга масъул шахслар бор. Огоҳ бўлишингизни сўрайман!”
• “Ота-оналар сал қаттиқроқ бўлиши керак. Болаларига қаттиқ бўлмаганлиги учун шундай бўлмоқда. Ўзининг ахмоқлиги ўзининг бошига”.
• “Ёшларга маслаҳатим бўлар-бўлмас провокацияларга илинаверманглар. Турли ижтимоий тармоқларда одамни чалғитиб, ҳаёт тарзидан четга олиб, керакмас йўлларга солишмоқда. Катталарга маслаҳатим ёшларни йўлга солинглар”.
• “Ҳар бир хабарни тагига етиб кейин шунга қараб иш қилишни маслаҳат бераман. Бу жуда ҳам афсусланарли, ёмон натижаларга олиб келиши мумкин экан”.
Ички ишлар вазирлигининг қайд этишича, Миразиз Бозоров илгари ҳам ўзига нисбатан ижтимоий тармоқларда билдирилган эътирозларга жавобан, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиб, Ўзбекистон ноанъанавий қарашларга эга шахсларга нисбатан гўёки босим ўтказилаётганилигига хорижий давлатларнинг вакиллари ва халқаро ташкилотларнинг эътиборини қаратишга уриниб келган.
“Бузғунчи ташқи кучлар ва ғараз ниятдаги турли халқаро ноҳукумат ташкилотлар кўмаги ва қўллови остида ҳаракат қилаётган ушбу шахс бесоқолбозлик ва шу каби салбий иллатларнинг Ўзбекистон қонунчилигида таъқиқланган бўлишига қарамасдан, уни оммавий тарғиб қилишга ҳаракат қилган ва фуқароларда норозилик, тоқатсизлик кайфияти шаклланишига сабаб бўлган”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Бозоров кеча, 28 март куни ўз уйи олдида номаълум шахслар томонидан ўласи қилиб дўппосланди. У зудлик билан шифохонага ётқизилган.
Тиббиёт муассасасидан олинган маълумотга кўра, унда бош мия очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, кўкрак қафаси ва қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг оёқ болдир суяги очиқ синиши жароҳатлари қайд этилган.
Маълумот ўрнида, бундан бир неча кун аввал Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга янги таҳрирдаги жиноят кодексидан бесоқолбозлик моддасини чиқариб ташлашни сўраб, мурожаат киритган эди. Айни вақтда мазкур масала сиёсат ва дин вакиллари, жамоатчилик орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Депутат Расул Кушербоев биринчилардан бўлиб Human Rights Watch’нинг талабига қарши чиқди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий эса QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида халқаро ташкилотнинг Ўзбекистонга йўллаган ушбу мурожаати ва талаби давлат ва халқ ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилганини урғулади.
LiveБарчаси