ИИВ “Қалпоқ” ва “Шўрданак”дан нега узр сўратди?
Интервью
−
09 Июнь 2020
26357Хабарингиз бор, “Қалпоқ” ва “Шўрданак” ҳажвий кўрсатуви ижодкорларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳақидаги кўрсатувчидан кейин ички ишлар ходимларидан кечирим сўраши катта шов-шувга сабаб бўлди.
QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова ушбу ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов билан суҳбат уюштирди.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — “Қалпоқ” ва “Шўрданак” ижодкорларининг узр сўраши кимга ва нимага керак бўлди?
Шоҳруҳ Ғиёсов, ИИВ Матбуот котиби: — Ҳозирги вақтда, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини фуқароларга яқин қилиш, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда ОАВ билан доимий мулоқот бўлиши учун ЙҲХББда ахборот хизмати ташкил этилиб, медиа-марказ фаолияти йўлга қўйилди.
У ерга ёш ижодкорлар тўпланган. Улар йўл патруль хизмати ходимлари билан боғлиқ кўрсатувлар, ҳажвий томошалар ва турли видеороликларни жамоатчилик, ҳусусан, ёшларга таъсир даражасини таҳлил қилиб, уларда мавжуд бўлган салбий қарашлар ва хатти-ҳаракатларга объектив назар солиш ҳамда мазкур масалани ижодкорлар билан муҳокама қилиб, қатор туркум лавҳалар тайёрлашни мақсад қилганди.
Шундай видеоларнинг иккитаси эълон қилинганда биз кутгандек эмас, тескари эффект берди. Ҳозир буларнинг ишини танқидий кўриб чиқишимиз керак. Жамоатчиликнинг фикри, бизга нисбатан танқидларини ўрганиб борамиз ва кейинги фаолиятимизни шунга қараб йўлга қўямиз”.
Ф.Н.: — Ички ишлар вазирлиги “узр челленж”ни бошлаб бермадими?
Ш.Ғ.: — Шу нарса карантин вақтида бошланди. Буни биз ўзимиз назорат қилолмай қолдик. Бир ҳолат бўлди, жойига чиққанда узр сўрашни бошлади. Кейин бошқа ҳолатда шундай бўлди ва бу челленжга айланиб кетди. Узр сўраш ҳеч бир қонунда жазо сифатида кўрсатилмаган. Лекин шу нарса қайтарилиб, такрорланяпти. Бу нарсага биз қаршимиз. Ҳозирда карантин қоидалари юмшатилган, энди ўзимизнинг ходимлар, вилоятдаги ахборот хизматлари билан йўл қўйилган камчиликларни таҳлил қилиб, “узр сўраш” челленжидан бутунлай воз кечамиз. Қонуний чора кўрилади ва айбдорлар жазоланади. Қўшимча узр сўратиш, нафсониятига тегиш, бошқалар олдида изза қилиш ҳозирги вақтда нотўғри амалиёт.
Ф.Н.: — Вазирлик тизимидаги иллатларнинг ҳажвия мавзуси бўлиши мумкин эмасми?
Ш.Ғ.: — Юмор, сатира, ҳажвий ҳикоялар, танқид буларнинг ҳар бири ички ишлар органларини халққа яқинлаштиради, халқ уни кўради, кулади ва бунинг тарбиявий таъсири ҳам бор. Ҳозир эълон қилинган роликда мақсад узр сўраш бўлмаган. Ўзаро мулоқот бўлган, таҳлил қилмоқчи бўлишган. Лекин бу нарсани улар кўрсатиб беролмаган. Бунинг натижасида ижодкорларга нисбатан “узр сўради” мазмунида хабарлар тарқалиб, уларнинг нафсониятига тегадиган холат юз берди. Бундан кейин саёз, мақсадни очиб беролмайдиган видеороликларни қўйишдан тийиламиз. Видеони қўйгандан кейин тизимга, катта идорага “хато эди”, дейиш ярашмайди. Буни тан оламиз. Эндиликда ҳар бир лавҳамизни жамоатчиликка тақдим этишдан олдин, унинг оқибатини ҳам кўра билимшиз шарт ва зарур.
Ф.Н.: — Ижодкорлар ёки шу роликни тайёрлаганлар жавобгарликка тортиладими?
Ш.Ғ.: — Йўқ, ижодкорларда ҳеч қандай айб йўқ. Улар ижодкор, сатирик. Биз улар билан кўпроқ ишлашга, уларга керак бўлса шароит яратиб беришга тайёрмиз. Бошқа ижодкорларга ҳам биз маълумот олишда, қизиқ воқеаларни етказишда ёрдам берамиз. Роликни тайёрлаган ходимлар янгилик қилмоқчи эди. Мақсад ижобий имиж шакллантириш бўлган.
Ф.Н.: — “ГАИ”ларнинг пора олмаслиги учун тизим ишлаб чиқилганми?
Ш.Ғ.: — Бизнинг тизимдаги энг катта муаммойимиз бу ҳанузгача фуқаролар билан мулоқотимиз суст. Жамоатчилик назорати кучли бўлишини, фуқаролар бизга тизимдаги муаммолар ва қоидабузарликларни кўрганда, маълумот беришини хоҳлаймиз. Чунки бу орқали улар нафақат бизнинг тизимга ёрдам беради, улар умуман кўчада ИИОни имижини оширишга ёрдам беради. Агар ходим қонунбузарликка мойил бўлса ёки адашиб келган бўлса, у бизнинг орамизда ишлашга ҳаққи йўқ. Агар фуқаролар бизга шуни айтадиган бўлса, уни тизимдан кетқазишга, хатти-ҳаракатига қонуний баҳо беришга ҳаракат қиламиз. Аммо бу нарса суст. Шунинг учун биз ўзимизнинг кучимиз билан сафимиздаги ходимларни тозалаш билан шуғулланяпмиз. Бунинг учун керакли хизматлар, куч ва воситалар бор. Биз коррупцияга йўл қўйилмаслиги учун шундай шароит яратдикки, кимдир ходимга пора бермоқчи бўлганда, у бизга бу ҳақда айтса, ўша таклиф қилинган пулнинг икки бараварини берамиз.
Вазирлик вакилининг айтишича, йил бошидан бери 425 та ҳолатда ЙҲХ ходимлари қоидабузарлик содир этган. Шуларнинг 21 нафари тизимдан кетқазилган, 4 нафар ходимга нисбатан жиноий иш очилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь