ИИВ Исломбек Тўлагановнинг очиққа чиқарилишига изоҳ берди
Жамият
−
15 Апрель 2019
6909Аввалроқ, Тошкентдаги П.Ф. Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов иши бўйича 6 йилга қамалган шу коллежнинг бошқа бир ўқувчиси Исломбек Тўлаганов озодликка чиққани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Исломбек Тўлагановнинг очиққа чиқарилишига изоҳ берди.
Унга кўра, Исломбек Тўлаганов Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди қарорига кўра, қамоқхонадан озод қилинган ва айни вақтда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Пробация хизмати назоратида ўзига тайинланган жазони ўтаяпти.
Маълумот учун, 2017 йилнинг 30 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани суди қарори билан 1999 йилда туғилган Исломбек Тўлаганов 6 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. У Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (қасддан оғир тан жароҳати етказиш) билан айбдор деб топилган ва ЖКнинг 85-моддаси (вояга етмаганларни озодликдан маҳрум қилиш) билан жазоланганди.
Қайд этилишича, Исломбек Тўлаганов ўзига тайинланган жазони Навоий шаҳридаги 4-жазони ўташ колониясида ўтаган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 90-моддаси 3-қими “б” бандига мувофиқ Исломбек Тўлаганов ўзига тайинланган жазонинг тўртдан бир қисмини ўтагач, 2018 йил 20 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди Тўлагановга тайинланган жазо турини алмаштирган. Суд озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўтаб бўлинмаган қисмини айбдор даромадининг 20 фоизини давлат ҳисобига олиб қолиш шарти билан 4 йил 5 ой 15 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирди.
Суд ишни қайта кўриб чиқиш жараёнида айбдор жазони ўташ колониясида тартибни бузмагани ва меҳнатдан бўйин товламаганини инобатга олгани таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги П.Ф. Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Исломбек Тўлаганов шу коллежнинг бошқа бир ўқувчиси Жасурбек Иброҳимовга 3 май куни оғир тан жароҳати етказганди. Бунинг натижасида Жасурбек Тошкентнинг шифохонларидан бирида ҳаётдан кўз юмган.
LiveБарчаси