ИИВ автомобилда баланд овозда мусиқа қўйганларни жаримага тортишни таклиф этмоқда

Жамият

image
БП дарс вақтида вафот этган ўқувчининг ўлими сабабларини очиқлади north_east

БП дарс вақтида вафот этган ўқувчининг ўлими сабабларини очиқлади

1 октябрдан чегаралар очилади – Республика махсус комиссияси қарори north_east

1 октябрдан чегаралар очилади – Республика махсус комиссияси қарори

Ўзбекистонда аҳоли яшаш жойларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларидан овозини баланд қилиб фойдаланганлик учун жарима жорий қилиш таклиф этилмоқда. Ушбу таклиф “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган. Қонун лойиҳа Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддасининг биринчи қисмига қўшимчалар киритилиб, ушбу модда қўйидаги таҳрирда баён этилмоқда:

“Товуш сигналини сабабсиз бериш, аҳоли пункти ерларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларидан овозини баланд қилиб фойдаланиш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш” сўзлари билан тўлдирилмоқда.

Мазкур модда биринчи қисмининг санкциясидаги базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридаги жарима уч баравари миқдорига ўзгартирилмоқда.

ИИВнинг фикрича, ушбу қонун қабул қилингудек бўлса қуйидагича натижа беради: 

•    йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун маъмурий чораларни кучайтириш, ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини бошқариш жараёнида транспорт воситалари хайдовчилари билан муносабатдаги ўзаро бир-бирларига бўлган масъулиятини оширади;

•    Йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ фаолиятнинг таъсирчанлигини оширади;

•    фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишларига ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсир қилиш омилларини камайтиради.

ИИВ келтирган статистик маълумотларга кўра, 2018 йилда 6 466 нафар, 2019 йилда 9 911 нафар ҳамда 2020 йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида 8 763 нафар (жами 25 140 нафар) транспорт воситалари ҳайдовчилари белгиланмаган жойларда фақатгина товуш сигналини сабабсиз бериши ва транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи қурилмаларни ўрнатиши билан боғлиқ қоидабузарликларни содир этгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида автомобиль салонида товуш баландлиги 85 дБ дан баланд бўлмаслиги ҳамда кўпи билан 8 соат тинглаш тавсия этилган. Шу билан бир қаторда товуш баландлиги 90 дБ бўлганда 2,5 соат, 95 дБда 47 дақиқа, 100 дБда 15 дақиқа, 105 дБда 4 дақиқа, 115 дБда 28 сония, 120 дБда 9 сониядан ортиқ тинглаш инсон саломатлигига салбий таъсир қилиш ва карликка сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилади.

ИИВ қонун лойиҳасида хорижий тажрибага ҳам таянган. Таъкидланишича, хорижий тажрибани ўрганиш транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун маъмурий қатъий жазо чоралари қўлланилишини кўрсатмоқда. Масалан, Сингапурда белгиламаган жойларда товуш сигналларини сабабсиз бериш 1,5 минг маҳаллий долларда (5,4 млн. сўм) жарима жазоси қўлланилиши белгиланган.

Россия Федерациясида жорий йил августда қонунчиликка мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни сезиларли даражада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар таклиф этилиб, унга мувофиқ, аҳоли ҳамда белгиланмаган жойларда сабабсиз товуш сигналларини бериш учун маъмурий жарима миқдори 10 бараварга оширилиб, 10 минг рублга (1 500 минг сўм атрофида) белгиланиши кўзда тутилган.


 


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг