ИИВ ходимлари 3 ойда 36 та жиноят содир этди

3-саҳифа

image

2026 йилнинг биринчи чорагида Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан 36 та жиноят содир этилди. Бу ҳақда бугун, 11 апрель куни Ички ишлар органлари фаолияти юзасидан жорий йилнинг биринчи чораги бўйича таҳлилий ҳисобот мавзусида ўтказилаётган матбуот анжуманида ИИВ вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов маълум қилди. 

Қайд этилишича, жиноят содир этган ходимларнинг 25 фоизи жабрланувчилар мурожаати асосида аниқланган. Қолган 75 фоизи вазирлик ташаббуси асосидаги ички текширувлар билан фош этилган.

Вазирлик расмийсининг қўшимча қилишича, қонунбузар ходимларнинг барчаси ишдан бўшатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилиш учун прокуратурага юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг икки нафар тезкор ходими пора билан қўлга тушганди ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

Қолаверса, Тошкент вилояти Бекобод туман Ички ишлар бўлими Жиноят қидируви бўлими тезкор ходими маст ҳолатда, оқ рангли Nexia-3 русумли автомашинада 43 ёшли пиёдани уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этганди. Ушбу автоҳалокат оқибатида эркак вафот этган.

ИИБ ходими жиноят изини яширишга уриниб, хотинига қўнғироқ қилган ва Matizʼда у айтган жойга етиб келишини тайинлаган. Сўнг жасадни ўзининг Nexiaʼсидан Matizʼга олиб ўтган. Уни воқеа жойидан, тахминан, 35-40 км узоқликдаги “Дўстлик” каналига оқизиб юборган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг