ИИБ ходими ва “Бунёдкор” расмийси ўртасидаги тортишув оқибатида футбол ўйини тўхтатилди (видео)
Спорт
−
24 Октябрь
11781Ижтимоий тармоқларда футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 21-тури доирасидаги “Локомотив”-“Бунёдкор” ўйинида “Бунёдкор” расмийси ва ўйиндаги хавфсизликка масъул ИИБ раҳбарияти ўртасида тортишув келиб чиққани ҳақида хабарлар тарқалди.
Маълум бўлишича, Суперлига 21-туридан ўрин олган “Локомотив” - “Бунёдкор” беллашувининг 2-тайми белгиланган вақтдан 32 дақиқа кеч бошланган. Бунинг сабаби учрашув учун жавобгар бўлган Лига комиссарининг телефони Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб қўйилган ва унинг ўзи ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигасига кўра, “Бунёдкор” клуби расмийси ҳамда ИИБ ходими ўртасида баҳсли вазият юзага келган. Оқибатда туман ички ишлар бўлими бошлиғининг оғзаки кўрсатмасига кўра Суперлига ўйинида фаолият олиб бораётган VAR машинаси ҳамда стадион ҳудудида бўлган учрашув расмийларига қарашли автомашиналарни мажбурий равишда стадион автотураргоҳидан олиб чиқиш учун эвакуатор жалб этилган. Шундан кейин Лига комиссари бундай ҳолатда учрашувни давом эттириб бўлмаслигини тушунтиришга уринган вақтида унинг телефони олиб қўйилиб, комиссар гўёки ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармагани рўкач қилиниб, у стадиондан олиб чиқилган.
Ассоциация ҳамда Лига раҳбариятининг саъй-ҳаракати эвазига комиссар стадионга етиб келган. Бу вақт давомида учрашув ҳакамлари иккинчи бўлимга чиқмаган.
Эндиликда Лига комиссар билдиргиси асосида мазкур ишни ўрганиб чиқади. Шунингдек, “Дўстлик” стадиони, “Локомотив” ва “Бунёдкор” клуби расмийлари ҳам бу борада ўз позициясини тақдим этади. Шундан сўнг Лига ички ишлар органи ходимларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб юқори турувчи ташкилотга мурожаат киритади.