II чоракдан барча мактаб ўқувчилари анъанавий таълимга қайтадими?

Жамият

image

Ота-оналар орасида умумтаълим мактабларида II чоракдан барча ўқувчилар тўлиқ анъанавий шаклдаги таълимга қайтиши ҳақида турли маълумотлар тарқалди. Халқ таълими вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳ берди.

“Маълумки, мактабларда жорий ўқув йили ота-оналарнинг ихтиёри асосида онлайн ҳамда анъанавий шаклда йўлга қўйилди. Бироқ афсуски, бугунги кунда мавжуд вазиятни тўғри тушунмасдан, айрим ота-оналар томонидан фарзандини мактабга юбормаслик билан бирга, “Онлайн дарслар” вақтида фарзандини дарс қилишини таъминлаш ўрнига, кўчада юришига йўл қўяётган ёки уни бошқа ишлар билан банд қилиб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Айтиш жоизки, фарзандларимизнинг зое ўтаётган ҳар бир куни унинг эртанги келажагига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди, боланинг мактабда таълим олишини ҳеч қандай энг замонавий технологиялар билан ҳам ўрнини босиб бўлмайди.

Шу сабабли ҳурматли ота-оналаримиздан, уйда боланинг телевидение орқали онлайн таълим олишига тўлақонли шароит яратишнинг имкони бўлмаса, фарзандларини мактабга юборишларини сўраб қоламиз”, дейилади вазирлик изоҳида.

ХТВ маълумотига кўра, бугунги кунда республикадаги 10 008 та мактабнинг деярли ҳаммасида анъанавий таълим олиш имконияти яратилган. Ўқувчилардан 4,6 млн. нафари, яъни 74 фоизи анъанавий, қолган 1,6 млн. нафари, яъни 26 фоизи онлайн шаклда таҳсил олмоқда. 

Вазирлик таълим тўлиқ анъанавий шаклга ўтиши бўйича қарор қабул қилинган тақдирда вазирликнинг расмий манбалари орқали маълумот беришини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб ХТВ

Баҳолаганлар

613

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг