Трамп Марказий Осиёни Исроил билан яқинлаштирмоқчи

Таҳлил

Сўнгги пайтларда хориж ОАВда “Иброҳим келишувлари” ҳақида хабарлар анча кўпайди. Жорий йил май ойи ўртасида Трампнинг Яқин Шарққа қилган сафари ва Саудияда Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашганида у аш-Шарага “Иброҳим келишувлари”га қўшилишни тафлик қилгани айтилганди. Бугунга келиб эса Исроил тарихидаги энг катта ютуқлардан бири ҳисобланадиган мазкур келишувларга Марказий Осиё ва Озарбайжон ҳам қўшилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар кўпайди. Шу онда ушбу келишув ўзи аслида нималиги ва қандай аҳамиятга эгалиги хусусидаги тушунтиришлар ўртага чиқиши табиий.

Бундан 5 йил муқаддам Дональд Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати якунланиб бораётган бир пайтда, Исроил учун ўзига хос совға тайёрлади. Пайдо бўлганидан буён минтақада фақат норозилик ва кескинлик кайфиятини атрофга ёйиб келган Исроилни Яқин Шарқда араб давлатлари томонидан тан олинишига эришиш жуда мураккаб ва ҳатто амалга ошмас жараёндек кўринарди. Аммо Трамп 2020 йилда бунга қисман бўлсада эришди. Мазкур ишни бажариш учун у Исроилни тан олиш ва Тель-Авив билан юқори даражадаги дипломатик муносабатларни ўрнатишга асос бўлувчи платформа – “Иброҳим келишувлари”ни амалга киритди. Бунда эса унга севимли куёви Жаред Кушнер жуда катта ёрдам беради. Бугун эса шу келишувларни қайтадан жонлантириш ва Яқин Шарқдаги араб давлатлари ҳамда Исроил ўртасидаги муносабатларни яхшилаш иши яна жонлантирилмоқда. Сурия ва Саудия Арабистони бунда навбатдаги мақсад сифатида кўзланаётгандек тассурот қолдиряпти. Аммо Саудия Ғазо ва Фаластин мустақиллиги масаласида ўзининг қатъий позициясида туриб олгани, Сурия жорий йил ҳисобида Исроил томонидан икки маротаба ҳаво ҳужумига учраганидан сўнг, Трамп маъмурияти ва Тель-Авивдаги ҳукумат бошқа минтақаларга кўз тикмоқда. Энг қизиғи, аввалроқ Исроилни анча йиллар олдин тан олиб, у билан дипломатик муносбатлар ўрнатган бўлишига қарамай, туркий давлатларни ҳам “Иброҳим келишувлари”га қўшишга чақириқлар бўлгани ҳақида хабарлар чиққанди. Энди эса уларнинг бироз бўлсада аниқ таркиби, яъни Озарбайжон ва Марказий Осиёдаги айрим давлатлар деган жумла келтирилмоқда. Бу давлатлар Исроилни аллақачон тан олган бўлса, бу келишувларга қўшилишдан маъно нима, деган савол ҳақли равишда ўртага чиқади. Бунинг жавоби шуки, “Иброҳим келишувлари”дан кўзланган асосий мақсад Исроилни тан олиниши ёки у билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш, аммо хавфсизлик, таълим, савдо-сотиқ, технология ва бошқа муҳим масалаларда ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиш айнан ушбу платформа атрофида кечади. Бошқа томондан эса бу келишувларга Яқин Шарқдан ташқаридаги мамлакатларнинг ҳам гарчи улар Исроилни тан олган бўлсада қўшилиши яҳудий давлати ва Трамп маъмурияти репутацияси учун маънавий ютуқ ҳисобланади. Мазкур материалда эса бу келишнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил сўз юритилади.

Куч билан мажбурланган келишувлар

1948 йил Яқин Шарқда Исроилнинг пайдо бўлиши минтақани бугунгача давом этаётган урушлар гирдобида қолдирди. Шу пайтгача араб монархиялари ва яҳудий давлати ўртасида бир неча бор кескин тўқнашувлар юз берди. 1948-49, 1956, 1967, 1973 ва 1982 йиллар шулар шумласидандир. Бу можароларнинг илдизи норозиликларга қарамай айнан Фаластин ерларида қурилишига бориб тақаларди. Қизиғи, бу урушларда араб давлатлари баъзан коалиция, баъзан эса якка тартибда уруш олиб боради, аммо имкониятни бой бериб, катта йўқотишларга учрайди. Вақт ўтиб, Ғарб қўллови ва АҚШнинг беминнат ёрдами билан тиш-тирноғигача қуролланган Исроилни енгиш имконсиз кўрина бошлайди. Бу эса якунда араб давлатларининг Исроилни бирин-кетин тан олишига ва у билан дипломатик муносабатларга киришишга мажбурлайди. Бироқ Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада жойлашган жами 22 та араб мамлакати Исроилни тан олиши ва у билан алоқа ўрнатиши жуда қийин ва узун жараёнлиги кўриниб турарди. Шунга қарамай, бу тенденциянинг бошланиши ўзини узоқ куттирмади.

1973 йилги Ём Киппур уруши мазкур жараённинг бошланишига йўл очди. Мазкур урушдаги катта йўқотишлар Қоҳирани бу тубсиз тўқнашувлардан чарчатганди. Мисрнинг ўша пайтдаги президенти Анвар Садат Исроил билан содир бўлиши мумкин бўлган кейинги можаролардан эҳтиёт бўлди. Чунки Мисрнинг бу қарама-қаршилик ортидан йўқотган нарслари эришганидан кўра анча кўп эди. Шу боис Садат ҳеч ким кутмаган қадамни ташлаб, Исроилни суверен давлат сифатида тан олишга қарор қилди. 1978 йилда Миср АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Жимми Картер воситачилигида Кэмп-Дэвид келишувини имзолади. Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидаги фаластинликларга чекланган тарзда бўлсада, ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини бериш, аммо шу билан бирга, бу ҳудудларда Исроил юрисдикциясини сақлаб қолиш белгиланади. Чунки бу пайтга келиб Фаластин аллақачон Исроил томонидан бўлакларга бўлиб ташланган, фаластинларнинг ўзида қолдирилган ерларда ҳам апартеид тизими амалда эди.

Шунингдек, Миср ва Исроил ўзаро масалаларни ҳам келишиб олди. Унга кўра, Исроил ўз қўшинларини 1967 йилдаги 6 кунлик уруш пайтида оккупация қилган Мисрга қарашли Синай ярим оролидан 3 йил ичида олиб чиқишга тайёрлигини билдирди. Бундан ташқари, Кэмп-Дэвид келгусида Миср ва Исроилнинг савдо ва дипломатик алоқалари учун асос бўлиши ҳам керак эди. Шундай қилиб, яҳудий давлати ва Миср ўртасида келишилганидек, 1979 йил Кэмп-Дэвид асосида Вашингтонда Миср-Исроил тинчлик шартномаси имзоланиб, икки давлат ўртасидаги урушга барҳам берилди ва улар ўртасида дипломатик ва иқтисодий муносабатлар ўрнатилди. Исроил ҳам ўз қўшинини Синай ярим оролидан 1982 йилга қадар олиб чиқиб кетди. Шу тариқа Миср Исоилни тан олган илк араб давлати бўлди.

Бу масалада кейинчалик Иордания иккинчи мамлакатга айланди. Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилга чегарадош бўлган мазкур давлат ҳам яҳудий ҳукумати билан тўқнашувлардан толиқди. 1994 йилда ўша пайтдаги АҚШ президенти Билл Клинтон воситачилигида икки давлат тинчлик шартномасини имзолади. Шартнома бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яҳлитлиги ва сиёсий мустақиллигини тан олиш ва ҳурмат қилишни ўз ичига оларди. Исроил ва Иорданиянинг тинчлик шартномаси икки давлат ўртасидаги уруш ҳолатига барҳам берди ва ўзаро дипломатик муносабатларнинг ўрнатилишига асос бўлди. Бу келишув, шунингдек, ер ва сув билан боғлиқ низоларни ҳам ёпди. Амман ва Тель-Авив Иордан ва Ярмук дарёларидан сув олиш борасида келишиб олди.  Бундан ташқари, туризм ва савдо соҳасида кенг ҳамкорлик қилиш ҳам алоҳида кўзда тутилди. Исроил мазкур келишув орқали келажакда рўй бериши мумкин бўлган қатор потенциал хавфларнинг ҳам олдини олишга ҳаракат қилганди. Хусусан, ҳар икки давлат ўз ҳудудидан учинчи давлат томонидан ҳарбий зарбалар учун фойдаланишга йўл қўймаслик мажбуриятини олди. Вақт ўтиб бу мажбурият яҳудий давлатига қандай қўл келганига Эроннинг ўтган йиллар мобайнида Исроилга берган ҳаво зарбалари Иордания томонидан ушлаб қолинганида гувоҳ бўлдик. Шу тариқа Иордания Исроилни расман тан олган иккинчи араб мамлакати бўлди ва яҳудий давлатига қаршилик қилиши мумкин бўлган 22 та араб давлати сони 20 тага қисқарди. Қирол Ҳусайн Исроилнинг ўша пайтдаги бош вазири Исхаак Рабин билан сигарет тутганча, мазкур жараёндан ўз мамлакатини олиб чиқди ва Исроилнинг Фаластин ерларидаги ғайриинсоний ҳаракатларига Амман томонидан бошқа жиддий қаршилик кўрсатилмади.

“Иброҳим келишувлари” – Исроил кислород қопчаси

2002 йилда Араб Лигасида Саудия Арабистони томонидан Фаластиннинг тан олиниши эвазига Исроил билан нормал муносабатлар ўрнатиш таклифи илгари сурилди. Бу пайтга келиб, Исроил ва Форс кўрфазидаги араб давлатларининг манфаатлари Саддам Ҳусайн таъсирида хавфсизлик жиҳатдан умумийлашганди. Чунки бунгача Ироқ табиий бойликларга эга чиқиш учун Эрон ва Қувайт билан уруш олиб борганди. Бутун бошли мамлакат тақдири ўша пайтларда фақат ресурсларга боғланган кўрфаз давлатлари учун мазкур воқеалар жиддий сигнал эди. Янги аср бошида Саддам Ҳусайн ағдарилганидан кейин ҳам бу яқинлашувга интилиш ўз кучида қолди. Чунки 2003 йилда Ироқда Баас тузуми қулаши натижасида Бағдодда юзага келган ҳокимият бўшлиғини араб монархияларининг азалий рақиби бўлган Эрон тўлдира бошлади. Теҳрон Ироқдаги партиялар ва қуролли гуруҳларни ўз таъсир доирасига ола бошлади. Бу араблар учун яҳудий давлати билан зиддиятга бориб, муаммоларни чигаллаштирмасликка қайсидир маънода асос ҳам эди. Шу нуқтаи назардан, Исроил ва бир қанча араб давлатлари ўша пайтда маълум даражадаги яширин алоқаларни ўрнатгани тахмин қилинади. Ливанда “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасида кечган 2006 йилги уруш ҳам бу алоқаларга унчалик таъсир қилмаган ва 2010-2011 йиллардаги араб баҳоридан кейин яҳудий ҳукумати ҳамда араб давлатлари Яқин Шарқда турли қуролли гуруҳлар пайдо бўлиши фонида ҳамкорликка кучли эҳтиёж сезган. 

Мазкур тенденция эса йиллар ўтиб, “Иброҳим келишувлари” номли ўта зиддиятли қадамнинг ташланишига йўл очди. “Иброҳим келишувлари” – бу Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш, уни тан олган ҳолда у билан юқори даражадаги дипломатик алоқаларни ўрнатишни назарда тутувчи ҳужжатдир. Мазкур битимнинг номи мусулмонлар ва яҳудийлар учун умумий аждод бўлган Иброҳим пайғамбар шарафига шундай аталди. Трампнинг биринчи мандатидаги собиқ АҚШ давлат котиби Майк Помпео, куёви Жаред Кушнер ва ўша пайтдаги АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридманни ўз ичига олган бир гуруҳ шахслар бу келишувларнинг архитектори бўлди. Дастлаб унга БАА ва Баҳрайн қўшилди. Икки араб мамлакати Исроилни тан олиши 2020 йилнинг 13 августида Исроил, АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида қабул қилинган қўшма баёнотда маълум қилинган ҳолда, унда Баҳрайн ва БАА Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича эришилган келишувга қўшилиши очиқланганди. Орадан бир ой ўтиб, 2020 йил 15 сентябрь куни Оқ уйдаги майсазорда Исроил ва АҚШ билан Баҳрайн ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари “Иброҳим келишувлари”ни имзолади. Унда Трамп воситачилигида БАА ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ бин Зайд Ол Наҳаён, Баҳрайн ташқи ишлар вазири Абдулатиф бин Рашид Ал Заяни ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху қатнашганди. БАА 2021 йил июль ойида Исроилда ўз элчихонасини очди.

Араблар Фаластинни ўз манфаатига алмашдими?

Кейинги ойларда Қўшма Штатлар Исроил билан алоқаларни нормаллаштириш учун Марокаш ва Суданни ҳам кўндиришга эришди. 2020 йил декабрь ойида Марокаш, Исроил ва Қўшма Штатлар ўртасида қабул қилинган қўшма декларацияда Марокаш ва Исроил муносабатларни нормаллаштиришга келишиб олди. Шу тариқа “Иброҳим келишувлари”га қўшилган мамлакатлар сони саноқли ойларда учтага етди. Ультра исроилпараст Трамп президентлик сайловларида Байденга имкониятни бой бериб, кўп ўтмай ҳокимиятни тарк этишига қарамай, Марокашдан кейин 2021 йил январь ойида Судан ҳам “Иброҳим келишувлари”га жалб қилинди. Шу тариқа 5 ой ичида Исроилни тан олмайдиган араб давлатлари сони 4 тага қисқарди. Бунгача бир нечта араб давлатлари бир вақтда Исроилни тан олиши ва бу доира қисқа вақт ичида кенгайишига кўпчилик ишонмагани табиий. Чунки яқин ўтмишда Миср Исроилни 1979 йилда тан олган бўлса, орадан 15 йил ўтибгина Иордания ҳам яҳудий давлати билан дипломатик алоқаларни бошлаб юборганди. Орадан чорак аср вақт ўтибгина кўрфаз давлатлари яна шу масалага қайтди. Аммо бу сафар мазкур жараён тезлашиб кетди. Чунки Трамп томонидан “Иброҳим келишувлари”га қўшилган мамлакатларга берилган таклифлар уларни Фаластин тақдирини унутишга мажбур қилди. 

Масалан, БАА 2020 йил июль ойида Исроил Ғарбий Соҳилнинг бир қисмини аннексия қилиш режасини маълум муддатга тўхтатганидан сўнг, у билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича музокаралар олиб борди. Абу Дабининг яҳудий давлатини субъект сифатида кўришдан бирдан бир мотиви сифатида ҳам дастлаб шу тилга олинди. Аммо кейинчалик, Америка Қўшма Штатларининг Бирлашган Араб Амирликларига 50 та F-35 жанговар самолётларини сотиш таклифи бўй кўрсатди. Шу билан БАА Оқ уйнинг жанубий майсазорида жуда манфаатли бўлган мазкур ширин келишувни пишириб қайтди. Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари Исроил билан алоқаларнинг нормаллашуви уларга фаластинликлар манфаатини ҳимоя қилиш имкониятини тақдим қилишини таъкидлаб келарди. Бироқ кузатувчилар Фаластин масаласини араб давлатларнинг манфаатларига мос келмай қолган бекатда тушириб қолдирилишини тахмин қилганди. Якунда шундай ҳам бўлди. Марокаш ва Судан масаласига келсак, Трамп учун уларни тилини топиш учалик қийинчилик туғдирмади. Марокаш “Иброҳим келишувлари”га қўшилиб, Исроилни тан олгач, Қўшма Штатлар ҳам Марокашнинг Ғарбий Саҳара устидан суверенитетини тан олди. Бунгача ҳеч бир давлат Марокашнинг бу ерлар устидан назоратини тан олмаганди. АҚШ бу борада биринчи давлат бўлди. Бу билан деярли бир вақтда Қўшма Штатлар Суданни терроризм ҳомийлари сафидан чиқарди ва унга қарши қўйилган санкцияларни бекор қилди.

“Иброҳим келишувлари” фақат тан олишни англатмайди

“Иброҳим келишувлари”дан кейинги йилларда унинг доирасида имзолаган бир қатор савдо битимлари ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик келишувлари ҳам амалга оширилди. Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари нормаллашган алоқаларнинг биринчи йилида ярим миллиард доллардан ортиқ савдони амалга оширгани қайд этилган. Бирлашган Араб Амирликларига исроиллик сайёҳлар оқиб келиши билан маданий алмашинув ҳам бўлиб ўтди. Аммо Амирликдагилар Исроилга ташриф буюришни унчалик истамади ва “Иброҳим келишувлари”ни жамоатчилик томонидан маъқуллаш кейинги йилларда кескин пасайиб кетди, дейиш мумкин. Бунга сабаб эса Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги аралашуви бир авлод кўз ўнгида энг ҳалокатли нуқтасига етди. Аммо 2023 йил октябрь ойида Исроилнинг Ғазода геноцид амалиётларини бошлаши мисли кўрилмаган қирғин ва вайронагарчиликларга қарамай, “Иброҳим келишувлари”ни сақлаб қолди. Унга қўшилган араб давлатларининг ҳеч бири бу келишувдан чиқиш ёки уни қайта кўриб чиқиш ҳақида жиддий эътироз ҳам билдиргани йўқ. Улар ҳатто “Иброҳим келишувлари”дан Ғазодаги қатлиомларга барҳам бериш учун восита сифатида ҳам фойдаланмаяпти.

Айнан шу ерда эса “Иброҳим келишувлари” фақат Исроилни тан олишнигина ўз ичига қамраб олмаслигини англаш мумкин. Бу келишув яқин иқтисодий ҳамкорлик ва савдо алоқаларини ўрнатиш, маданий-маърифий алмашинувлар, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик, технологик саҳодаги тажрибалар алмашинуви ва туризм ҳамда одамлар ўртасидаги алоқалар, жумладан таълим соҳасидаги ҳамкорлик кабиларни ҳам қамраб олади. Шунингдек, ҳали тўлиқ амалга ошмай қолаётган қишлоқ хўжалиги ва қайта тикланадиган энергия каби соҳалардаги ҳамкорлик, сунъий интеллект ва соғлиқни сақлаш соҳалари ҳам шулар жумласидандир. Бундан ташқари, “Иброҳим келишувлари” атроф-муҳит муаммолари, хусусан, сув танқислиги ва иқлим ўзгариши каби масалалар доирасида ҳам ҳамкорлик қилиш имкониятини тақдим этиши айтилади. Технология эса “Иброҳим келишувлари” бўйича алоқаларни чуқурлаштириш учун кучли катализатор бўлиб хизмат қилиши кутилган. Шу боис халқаро майдонда ва Исроил-АҚШ жуфтлиги томонидан илгари сурилаётган кенгайтириш ҳаракатларида бошқа минтақаларни ҳам мазкур келишувга жалб қилиш қайсидир маънода фақат манавий ютуқ эмас, балки реал натижа сифатида кўрилаётган бўлиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам араб давлатларидан кейинги нишон туркий давлатлар бўлиши эҳтимоли юқори. Бу борада ҳаракатлар амалга оширилаётгани ҳақида эса бир неча ойлардан буён жуда кўп хабарлар чиқди. 

Ўзбекистон бу келишувга қўшиладими?

Жорий йил март ойида АҚШ раввинлари “Иброҳим келишувлари”нинг асосий ташкилотчиси бўлган Дональд Трампдан ушбу платформага туркий давлатларни ҳам жалб қилишни сўрагани ҳақида хабарлар чиқди. Унга кўра, 50 дан ортиқ америкалик раввин АҚШ Президентига мурожаат қилиб, “Иброҳим келишувлари”га туркий тилли давлатлар, жумладан Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни ҳам қамраб олишини сўраган. Орадан бир неча ой ўтиб, аниқроғи жорий йил июнь ойи охирида эса Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш якунига еткач, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф “Иброҳим келишувлари”га қўшилиши мумкин бўлган давлатлар билан боғлиқ асосий эълон тез орада эълон қилинишини айтди ва бу келишув янада кенгайишини маълум қилди. 

Бир неча кун олдин эса “Reuters” агентлиги Трамп маъмурияти Озарбайжон ва айрим Марказий Осиё давлатларини “Иброҳим келишувлари”га қўшиш масаласини фаол муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берди. Қайд этилишича, уларни келишувларга расман қўшиш бир қадар рамзий ҳаракат бўлиб, асосан савдо ва ҳарбий ҳамкорлик каби соҳаларда алоқаларни кучайтиришга қаратилган бўлади. Чунки бу давлатлар Исроилни аллақачон тан олиб бўлган ва у билан фаол димпломатик муносабатларга ҳам эга. Ғазодаги юқори ўлим даражаси ва гуманитар ёрдамнинг ёпиб қўйилиши оқибатида юзага келган дахшатли очарчилик араб жамоатчилигида ғазабни кучайтириб, “Иброҳим келишувлари”га уларни жалб қилишни мураккаблаштирмоқда.

Аммо шу ўринда бир муҳим нуқтага эътибор қаратиш лозим. Айни дамда 28 та давлат Исроилни давлат сифатида тан олмайди. Араб лигасига аъзо 15 та, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо араб бўлмаган яна 10 та мамлакат ва Куба, Шимолий Корея ҳамда Венесуэла кабилар учун яҳудий давлати мавжуд эмас. Бундан кўриниб турибдики, ҳатто Исроилга чегарадош бўлган Сурия ва Ливан уни тан олмаган. Шунингдек, унга яқин бўлган Яқин Шарқнинг бошқа давлатлари хусусан, Ироқ, Саудия Арабистони, Уммон, Яман ва Қатар ҳам Исроилни субъект сифатида кўрмайди. Дунё миқёсида 164 та мамлакат томонидан тан олинганига қарамай, ўз қўшниларининг тан олишига эришмаслик чинакам дипломатик муаммодир. 

Шу боис Яқин Шарқ бўлмасада, бошқа минтақалар билан мазкур келишувларни кенгайтириб туриш афзал кўрилмоқда. Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф март ойида Озарбайжон пойтахти Бакуга сафар қилиб, Президент Илҳом Алиев билан учрашган. Билдирилишича, музокаралар доирасида Озарбайжон расмийлари Қозоғистон каби яқин Марказий Осиё давлатлари амалдорлари билан ҳам алоқага чиққан ва уларнинг қизиқишини ўрганган. Лекин қайси давлатлар билан бевосита гаплашилгани маълум эмас. АҚШ Давлат департаменти эса улар аниқ қайси давлатлар экани, келишувларни кенгайтириш Трампнинг асосий мақсадларидан бири эканини билдирган. “Reuters”нинг ёзишича, Озарбайжон ҳукумати, Оқ уй, Исроил ТИВ ва Қозоғистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ҳам бу масала юзасидан изоҳ бермаган. QALAMPIR.UZ эса мазкур хабарлар фонида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича бу масала бўйича ТИВга мурожаат келиб тушмаган.

“Иброҳим келишувлари” декларацияси матни:

“Биз, қуйида имзо чекувчилар, Яқин Шарқ ва бутун дунёда ўзаро тушуниш ва биргаликда яшаш, шунингдек, инсон қадр-қиммати ва эркинлигини, жумладан, диний эркинликни ҳурмат қилиш асосида тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини тан оламиз.

Биз учта Иброҳимий дин ва бутун инсоният ўртасида тинчлик маданиятини ривожлантириш учун динлараро ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни рағбатлантирамиз.

Биз муаммоларни ҳал қилишнинг энг яхши йўли ҳамкорлик ва мулоқотдир ва давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш Яқин Шарқ ва бутун дунёда мустаҳкам тинчлик манфаатларини илгари суради, деб ҳисоблаймиз.

Биз бу дунёни ирқи, эътиқоди ва миллатидан қатъи назар, ҳамма қадр-қимматли ва умидли ҳаёт кечира оладиган жойга айлантириш учун ҳар бир инсонга бағрикенглик ва ҳурматга интиламиз.

Биз инсониятни илҳомлантириш, инсон салоҳиятини ошириш ва халқларни бир-бирига яқинлаштириш учун илм-фан, санъат, тиббиёт ва тижоратни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз барча болаларга яхши келажакни таъминлаш учун радикаллашув ва можароларни тугатишга интиламиз.

Биз Яқин Шарқ ва бутун дунёда тинчлик, хавфсизлик ва фаровонликка интиламиз.

Шу руҳда биз Исроил ва унинг минтақадаги қўшнилари ўртасида “Иброҳим келишуви” тамойиллари асосида дипломатик муносабатлар ўрнатиш борасида эришилган ютуқларни самимий қутлаймиз ва рағбатланамиз.

Муштарак манфаатлар ва яхши келажакка интилиш асосидаги бундай дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бизни руҳлантирмоқда”.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Исроил Жаред Кушнер Иброҳим келишувлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг