Higgsfield асосчиси Қозоғистон фуқаролигини олди

Олам

−

image

Higgsfield компанияси ҳаммуассиси ва бош директори Алекс Машрабов Қозоғистон фуқаролигига қабул қилинди. Мамлакат Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев жорий йилнинг 30 октябрь куни бу ҳақдаги фармонни имзолаган. Бу ҳақда Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев Facebook саҳифасида маълум қилди.

Вазирнинг маълум қилишича, Машрабовга Қозоғистон фуқароси паспортини топшириш унинг учун мамнуният бағишлаган. Мадиев бу воқеани мамлакатда сунъий интеллектни ривожлантириш ва истеъдодли мутахассисларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор билан боғлаган.

Унинг қайд этишича, Higgsfield жамоаси жаҳон бозорида талаб юқори бўлган ва 40 миллиондан ортиқ киши фойдаланаётган экспорт маҳсулотини яратган. Вазир компания жамоасига сунъий интеллект саноати ривожига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган.

Машрабовнинг отаси Ўзбекистонда, унинг ўзи эса Россияда туғилиб ўсган. Кейинчалик у АҚШга кўчиб кетган. Қозоғистон Higgsfield ривожланишидаги муҳим марказлардан бирига айланган. Компания жамоаси 2023 йилдаёқ мамлакатда бизнес учун асос яратишга қарор қилган.

Машрабов Қозоғистоннинг кучли муҳандислик мактаби, ижодий салоҳиятга эга мутахассислари ва Astana Hub кўмагини алоҳида эътироф этган.

“Ушбу мамлакатни расман ўз уйим деб аташ ва Қозоғистоннинг бир қисми бўлиш мен учун катта ғурур”, деган у.

Маълумот учун, Higgsfield AI 2023 йилда Александр Машрабов ва Ерзат Дулат томонидан ташкил этилган. Компания видео ва тасвирлар яратиш учун сунъий интеллект воситаларини ишлаб чиқади. Фойдаланувчилар тайёр шаблонлар ва турли сунъий интеллект эффектларидан фойдаланиши мумкин.

Айни пайтда Higgsfield компанияси 5,4 миллиард долларга баҳоланмоқда. Машрабов маҳсулотни халқаро миқёсда ривожлантириш учун масъул ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг