Ғузорда аёл ва тўрт фарзандини тириклайин ёқиб юборган эркак умрбод қамалди (видео)
Crime
−
10:50 3225 2 minutes
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари устига бензин сепиб, ёқиб юборган эркак умрбод қамалди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти судларининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 15 май куни содир бўлган. Эркак соат 22:30 ларда жабрланувчининг Ғузор туманидаги хонадонига бориб, у билан жанжаллашган. Сўнг ўзи билан олиб келган 5 литрли идишдаги бензинни ёпиқ хонада бўлган аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари устига сепиб, уларни ўта шафқатсизлик билан тириклайин ёқиб юборган.
Маълум қилинишича, кўрсатилган тез ёрдам ва тиббий муолажалар натижасида аёл ва унинг икки нафар фарзандининг ҳаёти сақлаб қолинган. Бироқ куйишдан олган тан жароҳатлари туфайли оиланинг 6 ёшли ўғил ва 11 ёшли қиз фарзандлари вафот этган.
Судда жабрланувчи аёл эркакка нисбатан олий жазо берилишини сўраган.
“Олий жазо беришларини сўрайман. Энди иккита болам қайтиб келмайди. Енгил жазо бермасаларингиз, яна ҳам кўпайиб кетади мана шундайлар. Олий жазо беришларингизни сўраб қоламан”, деган жабрланувчи аёл.
Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди ҳукми билан айбланувчи С.Т. 25,97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг “а”, “в”, “д”, “ж” бандлари ҳамда 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Жиноят кодекси 59-моддаси 4-қисмига асосан тайинланган енгилроқ турдаги жазони умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали С.Т. га умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Live
All01 November
01 November
01 November