Гутерриш Яқин Шарқда кескинликни юмшатишга чақирди
Олам
−
15 Апрель
1968Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш куч ишлатиб, жавоб қайтариш ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ томонидан тақиқланганини эслатди. Бу ҳақда у кеча, 14 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўз очди.
У Эроннинг Исроилга ҳужумидан кейинги вазиятни муҳокама қилар экан, максимал даражада вазминликка чақирди.
“Яқин Шарқ тубсизлик ёқасида. Минтақа халқлари ҳалокатли кенг кўламли тўқнашувнинг ҳақиқий хавфига дуч келмоқда. Ҳозир кескинликни юмшатиш вақти келди”, деган БМТ Бош котиби.
Аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга Исроилнинг Эрон ҳужумига кейинги жавоблари ўринсиз эканини ва АҚШ уларда иштирок этмаслигини айтган эди. Байденнинг сўзлари кеча, 14 апрель куни CNN ва “The Wall Street Journal” томонидан эълон қилинди. Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби ҳам NBC’га АҚШ Яқин Шарқдаги инқироз кучайишини истамаслигини айтди.
Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви
1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.
Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.
Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.
14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.
Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ CNN телеканали исроиллик расмийга таяниб, Исроил Эрон ҳужумига жавоб бериш ниятида экани, ҳозирда жавоб кўлами аниқланаётганини хабар қилганди.