Гутерриш Нетаньяхуга ёзма норозилик билдирди
Олам
−
30 Октябрь
4024Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш кеча, 29 октябрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга мактуб йўллаб, бир кун аввал қабул қилинган БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) фаолиятини тақиқловчи янги қонунга норозилик билдирди.
“Мен сизни ва Исроил ҳукуматини потенциал ҳалокатли оқибатларнинг олдини олишга ва UNRWA’га халқаро ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларига мувофиқ босиб олинган Фаластин ҳудудларида, жумладан Шарқий Қуддусда фаолиятини давом эттиришига рухсат беришга чақираман”, дейилади Гутерришнинг мактубида.
БМТ Бош котибининг таъкидлашича, “Исроил, босқинчи давлат сифатида аҳолининг эҳтиёжларини қондиришни таъминлаш” учун масъул бўлиб қолиши керак.
“Агар Исроил буни уддалай олмаса, у Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу мақсадлардаги фаолиятига, шу жумладан UNRWA фаолиятига рухсат беришга ва ёрдам беришга мажбурдир”, деб ёзади БМТ Бош котиби Нетаньяхуга йўллаган мактубида.
Исроил Ғазо сектори аҳолисига гуманитар ёрдам етказиб бериш билан шуғулланувчи бу ташкилотни узоқ вақтдан бери танқид қилиб келади. Янги қонун 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумида UNRWA’нинг бир неча ходимлари иштирок этгани ҳақидаги иддаолар туфайли ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, 28 октябрь куни Исроил парламентида 92 депутатнинг ёқловчи ва 10 депутатнинг қарши овози билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги келаси йили Исроилдаги "барча фаолиятини" тўхтатиши кераклигини назарда тутувчи қонун лойиҳасини тасдиқланганди. Қабул қилинган қонун ортидан UNRWA ўз фаолиятини Фаластин ҳудудларида ҳам давом эттира олмайди, чунки Исроил барча чегара ўтиш жойларини назорат қилади.