Гутерриш дунёни қамраб олган намойишлар сабабини айтди
World
−
13:37 1484 2 minutes
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Европа ва бошқа минтақаларни қамраб олган норозилик намойишлари чоғида содир этилаётган зўравонлик ҳаракатларини қоралади ва норозиликлар сабабини урушларнинг иқтисодий оқибатлари билан боғлади. Бу ҳақда у кеча, 22 октябрь куни Нью-Йоркда журналистлар билан суҳбат чоғида гапирди.
Бош котибнинг сўзларига кўра, озиқ-овқат, ёқилғи ва бошқа биринчи эҳтиёж моллари қимматлашмоқда, фоиз ставкалари – ҳам фуқаролар, ҳам давлатлар учун ошиб бормоқда. Ёшларнинг яхшироқ келажакдан умид қилиши борган сари қийинлашмоқда.
“Кўчаларда биз кўрган зўравонлик ва вайронгарчиликларга йўл қўйиб бўлмайди. Жиноий ҳаракатларда айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак”, дейди Антониу Гутерриш.
Шу билан бирга, у тинч намойишчиларнинг эътирозлари дунёни қамраб олган ғалаёнлар билан қанчалик чамбарчас боғлиқлигини тушунишга чақирган.
БМТ Бош котиби содир бўлаётган воқеаларни Эль-Ниньо – сайёранинг бир қисмида юзага келиб, минглаб километр узоқликдаги одамлар ҳаётини остин-устун қилиб юборадиган иқлим ҳодисасига қиёслаган.
“Низо бошқа бир низони озиқлантиради. Оқибатлари эса янада узоқроққа ва тезроқ тарқалади”, дейди у.
Антониу Гутерриш Яқин Шарқ, Украина ва Суданда тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси ҳужумларга учраётганини эслатиб ўтган. У бундай ҳужумлар халқаро ҳуқуқ томонидан тақиқланганини ва тўхтатилиши кераклигини таъкидлаган.
“Шу билан бирга, ушбу ғалаёнлар чуқур тенгсизлик илдиз отган дунёга ёпирилмоқда. Унда баъзилар товарлар ва хизматларни юқорироқ нархларда сотиб олишга қурби етса, бошқалари овқат ва иситиш тизими ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмоқда. Баъзи мамлакатлар манфаатли шартларда қарз олаётган бўлса, бошқалари қарзга хизмат кўрсатиш ва соғлиқни сақлаш ҳамда таълимга сармоя киритиш ўртасида танлов қилишга мажбур.
Урушнинг ўзи ушбу тенгсизликни келтириб чиқармайди, бироқ уни озиқлантиради ва энг оғир зарбаларни энг ожиз қатламлар ўз зиммасига оладиган иқтисодий тизимнинг адолатсизлигини фош этади”, деб қайд этган Бош котиб.
Унинг сўзларига кўра, ҳамма жойда одамлар хавфсизликни, муносиб ҳаётни, ҳукуматлар ва халқаро институтлар ўз мажбуриятларини бажаришини хоҳлайди. Бунинг учун жамиятларни парчалаб ташлаётган тенгсизликни енгиб ўтиш ва низоларни тўхтатиш зарур.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Франция, Албания, Италия, Сербия, Греция ва яна бир қанча давлатларда норозилик намойишлари давом этмоқда. Улар таълим, яшаш харажатларининг баландлиги, жумладан, ёқилғи нархларининг ошганидан норози.
Live
All