Гусейн Гасанов яна қидирувга берилди
Олам
−
04 Ноябрь 8638 1 дақиқа
170 миллион рубль миқдоридаги солиқни тўламасликда айбланаётган россиялик блогер Гусейн Гасановга нисбатан янги жиноят иши қўзғатилгани сабабли у яна қидирувга берилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Нашрнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбасининг айтишича, “Гасановнинг қайта қидирувга берилишига сабаб янги жиноят иши бўлиши мумкин”, бироқ батафсил тафсилотлар келтирилмаган.
Россия Ички ишлар вазирлигининг қидирув базасига кўра, Гасанов ҳақиқатан ҳам қайта қидирувга берилган. Вазирлик базасидаги карточкада блогер Жиноят кодекси моддасига биноан қидирувда экани ва бу “қайта эълон қилинган”и қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Москванинг Чертановский суди жорий йилнинг 14 май куни Гасановни жиноятдан олинган даромадларни легаллаштириш иши доирасида сиртдан ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган эди. Унга Россия Жиноят кодексининг 174-моддаси 4-қисми (жиноятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айблов қўйилган. Мазкур модда бўйича унга 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид солади.
Тергов маълумотларига кўра, Гасанов 2019-2021 йилларда 170 миллион рублдан ортиқ солиқ тўламаган. Очиқ манбаларга кўра, ҳозирда у Россия ташқарисида истиқомат қилади.