Гулнора Каримованинг яна 182 млн доллари Ўзбекистонга қайтарилади

Жамият

image

Бугун, 6 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон томонидан Адлия вазири Акбар Тошқулов ҳамда Швейцария томонидан Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский ўртасида “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битим” имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Битим доирасида тахминан 182 млн доллар миқдоридаги маблағлар Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган. Мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иш юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган эди.

Маблағлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Uzbekistan Vision 2030 Fondi” Кўп шериклик траст Жамғармаси орқали қайтарилади.

Гулноранинг қўлдан қўлга ўтган дачаси north_east

Гулноранинг қўлдан қўлга ўтган дачаси

Қайд этиш жоиз, муқаддам 2022 йил 16 августда Швейцариянинг Берн шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги “Швейцария Конфедерацияси ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатлари йўлида қайтариш усуллари тўғрисида”ги битим имзоланган. Ушбу битим ноқонуний орттирилган активларни БМТнинг “Uzbekistan Vision 2030 Fondi” деб номланган Кўп шериклик траст Жамғармаси орқали Ўзбекистонга қайтариш механизми ҳамда асосий тамойиллар ва мақсадларни белгилайди.

Мазкур ишлар доирасида 2022 йил августда имзоланган биринчи битим тахминан 131 млн доллар миқдоридаги маблағларни Ўзбекистонга қайтарилишини назарда тутади.  Янги битим имзоланиши билан Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари йўлида қайтарилган маблағларнинг жами миқдори 313 млн долларга етади.

“Uzbekistan Vision 2030 Fondi” орқали қайтарилаётган маблағлар Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари учун, хусусан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг