Гулнора Каримованинг хориждаги активлари қайтарилдими? Бош прокурор ўринбосари жавоб қайтарди
Жамият
−
14 Июнь 2019
10971Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатиб қўйилган 800 млн швейцар франкини Ўзбекистонга қайтариш учун бор имкониятлар ишга солиняпти.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев прокуратура органларининг 5 ойлик фаолиятига бағишланган брифингда Гулнора Каримованинг хориждаги активларини қайтариш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик давом эттирилаётганини маълум қилди.
"Бу жуда мураккаб масала. Халқаро ҳуқуқий нормалар бор. Ташқарига олиб чиқиб кетилган, деган сўзни ўзидан ҳам тушунса бўлади. Бу активлар ташқаридаги активлар. Албатта, ўша активлар бор давлатлар билан ҳуқуқий мулоқотга киришиш эҳтиёжи бор. Муайян процедуралар ва тартибларни талаб қилади. Ўзимизнинг миллий қонунчилигимиз, халқаро қонунчилик имкон берадиган ҳар қандай воситалардан тўла-қонли фойдаланиш чораларини кўряпмиз. Бу ўз самарасини беради деб ҳисоблаймиз”, деди Эркин Йўлдошев.
Шунингдек, Эркин Йўлдошев Гулнора Каримованинг хориждаги активларининг қанча қисми қайтарилгани ҳақидаги саволга жавоб беришга қийналишини айтиб ўтди.
“Бу саволга жавоб беришим қийин. Ҳаммасини қайтаришга ҳаракат қиламиз”, деди Эркин Йўлдошев.
Шу билан бирга, Бош прокуратура Матбуот котиби Сурайё Раҳмонова турли хорижий ва маҳаллий ОАВда тарқаётган, Гулнора Каримовага руҳий босим ўтказилаётгани ва унинг олдига шифокорларнинг кириши тақиқлаб қўйилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини яна бир бор таъкидлади.
Маълумот учун, Гулнора Каримованинг хориждаги активларига эга чиқишни истаган, ундан ҳисса олишга уринаётган бир қанча томонлар бор. Хусусан, Швейцария банкларида музлатиб қўйилган 800 млн франкка Ўзбекистондан ташқари АҚШ, Zeromax`ни Гулнора Каримовага тегишли бўлган деб ҳисобловчи хорижлик кредиторлар ва Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи Рустам Мадумаров даъвогарлик қилади.
LiveБарчаси