Гулнора Каримованинг активларини қайтариш бўйича Ўзбекистон-Швейцария битими имзоланди
Жамият
−
16 Август 2022
10425Бугун, 16 август куни Берн шаҳрида Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида “Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Битимни Ўзбекистон Республикаси номидан адлия вазири Русланбек Давлетов ва Швейцария номидан ушбу мамлакатнинг Президенти Иньяцио Кассис имзолади.
Битимни имзолаш маросимида, шунингдек БМТ вакиллари, хусусан БМТнинг Кўп-шериклик траст жамғармаси офиси ижрочи координатори Ж. Топпинг иштирок этди.
Битимнинг имзоланиши илгари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний равишда орттирилган ва Швейцарияда легаллаштирилган 131 млн АҚШ долларининг Швейцария томонидан Ўзбекистон халқига дарҳол қайтарилишини англатади.
Битим ноқонуний орртирилган тақрибан 131 млн АҚШ долларига (тақрибан 1,4 трлн сўм) тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди.
Битимга мувофиқ, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланмоқда:
• очиқлик ва ошкоралик, реституция тўғрисидаги ахборотни жамоатчиликка очиқ эълон қилиш;
• ушбу жараёнда фуқаролик жамиятининг иштироки;
• қайтарилган маблағларни пировардида ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилиши;
• Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида реституция масалалари бўйича доимий, самарали ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотнинг давом эттирилиши.
Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ иштирокидаги уч томонлама реституция механизмига алоҳида эътибор берилади. Реституция БМТнинг Кўп-шериклик траст жамғармалари тизимига кирувчи “Uzbekistan Vision 2030” кўп-шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилади.
Жамғарма тегишли функция ва ваколатларга эга бўлган қуйидаги маъмурий-ташкилий тузилмага эга:
Юқори даражадаги стратегик қўмита (Ўзбекистон ва Швейцариядан бир нафардан юқори мартабали вакил) – жамғарма фаолияти бўйича стратегик қарорлар қабул қилади.
Бошқарув қўмитаси (Ўзбекистон, Швейцария ва БМТдан бир нафардан вакил) – жамғарманинг операцион фаолияти, шу жумладан лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича тўлиқ консенсус асосида қарорлар қабул қилади.
Бундан ташқари, ташкилий тузилма таркибига жамғарма фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширувчи ва ўз фаолиятини жамоатчилик асосида ва иш ҳақисиз амалга оширадиган Ўзбекистон ва Швейцария фуқаролик жамияти вакилларидан ҳамда халқаро ноҳукумат ташкилотларидан иборат Фуқаролик жамияти маслаҳат кенгаши ҳам киради.
Бошқарув қўмитаси томонидан тасдиқланган лойиҳалар БМТнинг Ўзбекистондаги тегишли идоралари томонидан Ўзбекистон томони билан биргаликда амалга оширилади.
Амалга оширилган ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақидаги барча маълумотлар очиқ эълон қилинади ва кенг жамоатчиликка тақдим этилади.
“Бундай тизим коррупция ва бошқа хавфларни минималлаштиради, шунингдек маблағларни сарфлашда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлайди”, дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ Гулнора Каримова Швейцария судида коррупция жинояти бўйича ютиб чиққани ва шу орқали мамлакат банкларида музлатилган 293 млн франк (303 млн доллар) ни қайтариши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
LiveБарчаси