Гулнора Каримовага 2 та жиноят иши бўйича қандай айбловлар қўйилган эди?

Таҳлил

image

Кеча, 5 март куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд форум ва бир қатор жамоат ташкилотлари васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова ўз уйидан умумий тартибли колонияга олиб кетилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган. 

Гулнора Каримова 2004 йилдан 2013 йилнинг октябрларигача нафақат мамлакатда, балки хорижда ҳам катта обрў-эътиборга, мавқега эга бўлган.  Каримова хоним қўл урмаган соҳа, бошчилик қилмаган лойиҳалар камдан кам учрарди. Ҳайрия дейсизми, ёшларга оид давлат сиёсатини юритишми ёки медиа соҳаси, хуллас ҳеч бир Гулнора Каримовани четлаб ўтмаган. 

Хўш, унга қандай айбловлар қўйилганди? Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Гулнора Каримовага оид жиноят иши бўйича 2017 йилнинг 28 июль куни тақдим этган илк баёнотига тўхталсак. 

Унда қуйидагилар қайд этилган:

2013 йил 24 октябрда “Terra Group” МЧЖ, “Prime Media” МЧЖ, “Gamma Promotion” МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
 
Мазкур жиноят ишини тергов қилиш давомида 1972 йил 8 июлда Фарғона вилоятида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, Сиёсий тадқиқотлар маркази директори лавозимида ишлаган, Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Я.Ғуломов кўчаси, 77“а”-уйда рўйхатда турган Гулнора Каримова Исломовна 2001–2012 йилларда Н.Содиқов, 2013 йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар Р.Мадумаров раҳбарлик қилган уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига бевосита кўмаклашиб келганлиги аниқланган.
 
Жумладан, Г.Каримованинг назорати остида ва кўмагида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 2001–2013 йилларда қуйидаги бир қатор жиноятларни содир этишган, хусусан:
 
– фуқаролар ва тадбиркорларнинг 54,1 млрд сўмлик пул маблағлари, акциялари, улушлари ва мулкий объектларини товламачилик йўли билан эгаллаш (Г.Гаибназаровнинг “Тошкент рангли металл парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаш заводи” ОАЖ ва “Ангрен-цемент” МЧЖдаги 4,1 млрд сўмлик акциялари, 4 млн АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари, 17,3 млрд сўмлик 2 та квартираси, 4 уй-жойи (ҳовли) ва 8 та автомашинаси, Ш.Ахмедовнинг “KOLORPAK” ва “NASHRIYOT UYI TASVIR” МЧЖдаги 1,9 млрд сўмлик улуши ва бошқалар);
 
– турли корхоналардаги давлатга тегишли акциялар ва улушларни сотиб олиш, мулкий объектларни хусусийлаштириш ва маҳсулотларни паст нархларда сотишда 344,6 млрд сўмлик давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (“Ўздунробита” ҚКдаги 131,9 млрд сўмлик (49%), “Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan LTD” МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 14,6 млрд сўмлик (67,1%), “Rubicon Wireless Communication” МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 9,6 млрд сўмлик (30%) давлат улуши, 20,4 млрд сўмлик 50 та кўчмас мулк объектлари ва бошқалар);
 
– даромадларни (1 трлн 570,3 млрд сўм), кўрсатилган хизматлар, ишлар ва сотилган маҳсулотлардан тушумларни (253,9 млрд сўм) камайтириб кўрсатиш, имтиёзларни ноқонуний қўллаш (266,2 млрд сўм), текинга хизмат кўрсатиш, ортиқча асосий воситалар шаклида солиққа тортиш базасини камайтириш ва бошқа йўллар билан (994,3 млн сўм) уюшган жиноий гуруҳ назоратидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва оффшор компаниялар фаолиятида 2 трлн 91,4 млрд сўмлик солиқларни тўлашдан бўйин товлаш;
 
– жиноий жавобгарликдан бўйин товлаш мақсадида уюшган гуруҳ назоратидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва оффшор компаниялари фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ва уларни яшириш.
 
Ушбу эпизодлар бўйича Г.Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари (165, 167, 179, 184, 227 ва бошқалар) билан айблов эълон қилинган.
 
Г.Каримованинг ушбу жиноятларни содир этишдаги айби уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Н.Содиқов, Р.Мадумаров, Ш.Собиров ва бошқаларнинг, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 45 та хўжалик юритувчи субъектлар ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.
 
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г.Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
 
Бундан ташқари, Г.Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга қўйидаги жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда:
 
– давлат органлари ваколатларини асоссиз ўзлаштирган ҳолда, радиочастота ресурслари ва ер участкаларини ноқонуний реализация қилишда фирибгарлик (595 млн АҚШ доллари ёки 866,7 млрд сўм), хизматларга ҳақ тўлашда мобиль алоқа операторлари абонентларидан қўшимча тўловларни асоссиз ундириш (390 млрд сўм) йўли билан ўзганинг 1 трлн 256,7 млрд сўмлик мол-мулкини эгаллаш;
 
– турли шахсларнинг манфаатларини “илгари суриш” учун уюшган жиноий гуруҳнинг оффшор компаниялари ҳисоб рақамига “бўнаклар” олиш (869,3 млн АҚШ доллари ва 29 млн евро), радиочастота ва ер участкаларини ноқонуний сотиш (520 млн АҚШ доллари), улушларни сотиш ва дивидендларни тўлаш ниқоби остида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни чет элга олиб чиқиб кетиш (439,6 млн АҚШ доллари), нақд пул маблағларини ноқонуний олиб чиқиб кетиш (98 млн АҚШ доллари), нақд пул тушумларини инкассация қилмаслик (11,2 млн АҚШ доллари), экспорт қилинган товарлар ва хизматлар тушумидан мажбурий 50% лик сотувни амалга оширмаслик (4,6 млн АҚШ доллари), товарларни сунъий оширилган нархларда импорт қилиш (129,7 минг АҚШ доллари ва 45,8 минг евро) йўли билан 1 млрд 942,8 млн АҚШ доллари ва 29,1 млн евро миқдоридаги хорижий валютани яшириш;
 
– декларацияларда импорт қилинган товарлар миқдорини тўлиқ кўрсатмаслик ва уларнинг нархини камайтириб кўрсатиш (386,3 млрд сўм), олиб чиқилган нақд хорижий валютани божхона назоратидан яшириш (98 млн АҚШ доллари ёки 209,4 млрд сўм), экспорт қилинган маҳсулот қийматини пасайтириб кўрсатиш (11,9 млрд сўм) йўли билан жами 607,6 млрд сўмгабожхона қонунчилигини бузиш;
 
– товарларни сотиш, бажарилган ишлар ва хизматлардан тушумларни инкассация қилмаслик (294,9 млрд сўм), пул маблағларини ноқонуний нақдлаштириш (278 млрд сўм) йўли билан жами 572,9 млрд сўмга савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш;
 
– ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига қонуний тус бериш мақсадида фойдаланиш;
 
– турар ва нотурар объектларни, бошқа мол-мулкларни сотиб олиш, уюшган жиноий гуруҳ назоратидаги оффшор компаниялар ўртасида сохта контрактлар бўйича пул ўтказмаларини амалга ошириш йўли билан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш.
 
Ушбу ҳолатлар бўйича Г.Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
 
Г.Каримовага айблов иш бўйича тўпланган далиллар, шу жумладан, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 14 та фирма ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари асосида эълон қилинган.
 
Қайд этилган 2 та жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий суммаси 1 трлн 270 млрд 200 млн сўм, 1 млрд 651,8 млн АҚШ доллари, 26,1 млн евро (миллий валютада жами 3 трлн 746,8 млн сўм)ни ташкил этади. 

Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 1972 йилда туғилган Каримова Гулнора Исламовнага 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Г.Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Г.Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Иман Каримованинг яшаш жойи белгиланган. Шу билан бирга, маҳкума Г.Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва Интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

165

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг