Гулнора Каримова қамоқдан озод этилдими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова қамоқдан чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ бунга аниқлик киритиш мақсадида расмийлар билан боғланди.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов бу шахсга доир маълумот эканлигини айтиб, Гулнора Каримовага оид хабарларни очиқлай олмаслигини билдирди.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов эса бу маълумот асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Жорий йил бошига қадар Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сон аёллар учун ихтисослаштирилган колонияда сақланган эди. QALAMPIR.UZ'га маълум маълумотларга кўра, 2025 йил январь ойида Каримова Зангиота туманидаги 42-сонли манзил-колонияга ўтказилган. 

Унга қўйилган айбловларга назар ташласак, Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 

Бош прокуратуранинг 2017 йилда берган маълумотларига таянадиган бўлсак, унда Каримовага 2013 йил 24 октябрда бир нечта МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилгани, мазкур жиноят ишини тергов қилиш давомида Гулнора Каримова 2001-2012 йилларда Содиқов, 2013 йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар Мадумаров раҳбарлик қилган уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига бевосита кўмаклашиб келгани аниқлангани айтилади. 

Ўша вақтда прокуратура Гулнора Каримова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 179-модда (Сохта тадбиркорлик), 184-модда (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 227-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш билан айбланганини айтган. Юқорида айтганимиздек, Каримова 2017 йилнинг декабрь ойида 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ўшанда унга инсонпарварлик нуқтайи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганини эътиборга олган ҳолда Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилганди.

Бу жазони ўташ жойи этиб, унинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган. Шу билан бирга, маҳкума Гулнора Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.

Кейинчалик, Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгилангани айтилди ва у Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясига жойлаштирилган.

Олий суднинг 2020 йилда берган маълумотига кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган ва судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг