Гулчеҳра Саъдуллаева инсультга чалинди
Маданият-санъат
−
30 Апрель
20251Таниқли ўзбек актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева инсультни бошдан ўтказди. Бу ҳақда унинг қизи, актриса Муқаддас Саъдуллаева ўзининг Instagram саҳифаси орқали хабар берди.
QALAMPIR.UZ актрисанинг аҳволи ҳақида маълумот олиш учун унинг тўнғич қизи Гулираъно Маъсудова билан боғланди. Суҳбатда Маъсудова воқеа 26 апрель куни содир бўлганини айтди.
“Жума куни оғриб қолдилар. Инсульт ташхиси қўйилди. Ўша куни менга телефон қилгандилар. “Тушимда отангни кўрдим. 3 та букет гул кўтариб келибдилар. Гулчеҳра, келяпсанми, деб сўради отанг”, дедилар ва у ёғини айта олмадилар. Мен эса онамни тинчлантириш учун ўша 3 та букет биз, 3 та фарзандингизмиз, ҳеч бундай нарсаларни ўйламанг, дедим. Доим “даданг”, “дадангни соғиндим” дердилар”, деди Гулираъно Маъсудова.
Шундан сўнг актрисанинг аҳволи ёмонлашган. Тез ёрдам етиб борган ва Саъдуллаевани шифохонага олиб кетган. Маъсудованинг билдиришича, актриса бундан аввал ҳам 2 марта инфаркт, 1 марта инсультни бошдан кечирган. Ҳозир эса унинг аҳволи анча яхши.
“(Онам) анча яхшилар. Реанимациядан чиқдилар. Хавф ортда қолди. Палатага чиқаришди. Жуда қўрқиб кетдик. Лекин ҳозир яхшилар”, деди Гулираъно Маъсудова.
Маълум қилинишича, актриса 5 май куни қизи Муқаддас Саъдуллаева, куёви Йигитали Мамажонов ҳамда унинг онаси билан Умра зиёратига бориши керак эди. Аммо кутилмаган ҳодиса сабаб зиёрат номаълум муддатга кечиктирилди.
Маълумот учун, Гулчеҳра Саъдуллаева 1950 йил 12 апрелда туғилган. 1969 йилда суратга олинган "Ўтган кунлар" фильмидаги Зайнаб образи актрисага шуҳрат олиб келган. У таниқли актёр Лутфулла Саъдуллаев билан турмуш қурган. Жуфтликнинг 3 нафар фарзанди бор. Улардан бири Гулираъно Маъсудова таниқли актёр Фатҳулла Маъсудов билан турмуш қурган. Кичик қизи Муқаддас Саъдуллаева ҳам Йигитали Мамажонов билан оила қурган. Гулчеҳра Саъдуллаеванинг турмуш ўртоғи Лутфулла Саъдуллаев 2022 йили вафот этган. Куёви Фатҳулла Маъсудов 2020 йили дунёдан кўз юмган.
LiveБарчаси