Гуантанамодаги қамоқхона ноқонуний муҳожирлар учун тайёрланмоқда

Олам

image

300 дан ортиқ америкалик аскар ва денгиз пиёдалари Кубадаги Гуантанамо ҳарбий базасидаги қамоқхонани ноқонуний муҳожирларни жойлаштиришга тайёрламоқда. Бу ҳақда АҚШ Жанубий қўмондонлиги вакилига таяниб, “Military” портали хабар берди.

“Шанба ва якшанба кунлари Гуантанамо денгиз ҳарбий базасига аскар ва денгиз пиёдалари юборилди. Душанба куни Гуантанамо кўрфазидаги миссияни 310 ҳарбий таъминлаяпти”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, ҳарбийлар орасида 170 нафар денгиз пиёдалари бор. Улар чодирлар ва дала каравотларини ўрнатиш билан шуғулланади.

Бунгача АҚШ Президенти маъмурияти муҳожирларни оммавий депортация қилиш бўйича кенг кўламли кампания эълон қилганди. Қўшимча маблағ ажратиш орқали ҳибсга олиш ва депортация марказларини кенгайтириш режалаштирилган. 

Маълумот учун, Гуантанамода АҚШга қарашли ҳарбий база жойлашган бўлиб, 2001 йил 11 сентябрь терактларидан сўнг у ерда халқаро террорчилар учун қамоқхона очилган. Кўп ўтмай, бу муассаса маҳбусларни суд ва терговсиз сақлаш ҳамда уларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши туфайли ҳуқуқ ҳимоячиларининг кескин танқидига учраган. Умумий ҳисобда қамоқхонадан 800 га яқин киши жазо ўтаган.

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама 10 йилдан кўпроқ вақт аввал Гуантанамони ёпиш тўғрисидаги фармонни имзолаган, бироқ Конгресс қамоқхонани тугатиш учун маблағ ажратишдан бош тортгани сабабли бу режани амалга ошира олмаган. Унинг ўрнига келган Трамп мазкур фармонни бекор қилган бўлса-да, унинг президентлиги даврида Гуантанамога янги маҳбуслар келтирилмаган. Жо Байден администрацияси эса қамоқхонани ёпишга интилишини билдирган. Трампнинг янги муддати бошланишига келиб, Гуантанамода 15 нафар маҳбус қолган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Пентагон ва Ички хавфсизлик вазирлигига Гуантанамо базасида энг хавфли жиноятчи-муҳожирларни сақлаш учун 30 минг кишилик миграция марказини тайёрлашни буюрганди.


Мақола муаллифи

Теглар

қамоқхона муҳожирлар Гуантанамо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг