Грузиядаги намойишларда 400 га яқин одам ҳибсга олинди
Олам
−
09 Декабрь
867Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида 28 ноябрдан бери давом этаётган намойишлар чоғида 400 дан ортиқ одам ҳибсга олинди. Бу ҳақда Грузия Ички ишлар вазири ўринбосари Александр Дарахвелидзе брифингда маълум қилди.
Унга кўра, намойишлар доирасида 30 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган, 372 нафар фуқарога нисбатан маъмурий иш қўзғатилган.
“62 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди, 100 дан ортиқ шахсга нисбатан жарима солинди. Қолганларга нисбатан суд жараёнлари фаол давом этмоқда”, деган вазир ўринбосари.
Қайд этилишича, намойишлар бошлангандан, яъни 28 ноябрдан бери Тбилиси марказида 60 га яқин ўғрилик ҳам содир этилган.
8 декабрь куни бўлиб ўтган митингда мухолифат тарафдорлари Тбилисидаги парламент биносига пиротехника воситаларини улоқтирган. Оқибатда ҳудудда 10 дан ортиқ портлаш овози эшитилган.
Маҳаллий ОАВларга кўра, намойиш олдингиларга нисбатан тинч ўтган. Намойиш маҳаллий вақт билан тахминан кечки соат 2:00 да якунланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузия Давлат хавфсизлик хизмати Тбилисида парламент биноси ёнида давом этаётган ҳукуматга қарши намойишлар ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга уриниш бўлаётганидан далолат бераётгани ҳақида баёнот берганди. ДХХга кўра, муайян сиёсий партиялар ва ноҳукумат ташкилотлар Грузияда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишдан манфаатдор. Грузия разведка хизмати Жиноят кодексининг “Грузия конституциявий тузумини мажбуран ўзгартириш мақсадида фитна ёки исён” моддаси бўйича тергов олиб бормоқда.
LiveБарчаси