Грузияда махсус кучлар ва намойишчилар тўқнашди
Олам
−
09 Март 2023
3945Бугун, 9 март куни Грузия пойтахти Тбилисидаги парламент биноси яқинида хорижий агентлар ҳақидаги қонун қабул қилинишига қарши намойишчилар йиғилди ва уларни тарқатиб юбориш учун келган махсус кучлар билан тўқнашди.
Қайд этилишича, намойишчилар махсус кучларга турли нарсаларни улоқтира бошлаган, бунга жавобан уларга қарата шовқинли гранаталар отилган. Кейинчалик сув зарбалари ва кўзни ёшлантирувчи газ ишлатилган.
Намойишчилар дастлаб орқага чекинган, сўнгра отишма тўхтагач, улар яна махсус кучлар кордонига яқинлашган. Вақт ўтиши билан ҳавода газ концентрацияси ошиб, нафас олиш тобора қийинлашиб боргани учун олдинги сафда бўлиш имконсиз бўлиб қолган.
Шунингдек, махсус кучлар узоқ вақт давомида Руставели проспектидаги парламентга туташ ҳудудда турган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пойтахтнинг марказий хиёбонида намойишчиларни тарқатишни бошлаган. Айни вақтда фуқароларни ҳибсга олиш давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 март куни Тбилисида норозилик акцияси бошланган эди. Намойишчилар хорижий агентлар тўғрисидаги қонун Кремлдан кўчирилган деб ҳисоблаб, ҳокимият вакилларини руспарастликда айблаган. Улар агар бу қонун қабул қилинса, мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши қийинлашишидан ҳавотирда. Шунингдек, мухолифатчи сиёсатчи Георгий Вашадзе намойишчиларга мурожаат қилиб, 9 март куни депутатларнинг парламентга келишига йўл қўймаслик учун намойишчиларни парламентга киришга чақирган.
LiveБарчаси