Грузия прокуратураси Президентни сўроққа чақирди
Олам
−
30 Октябрь
5223Грузия прокуратураси республика Президенти Саломе Зурабишвилини сайловдаги сохталаштириш ҳақидаги баёнотлари учун сўроққа чақирди. Бу ҳақда прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Прокуратурага кўра, давлат раҳбарида қонунбузарликлар бўйича далиллар бўлиши мумкин. Прокуратура сайловлардаги сохталаштиришлар юзасидан текширув бошлади. Тергов Марказий сайлов комиссияси сўрови асосида бошланган.
Зурабишвили хонимни сўроқ қилиш 31 октябрга белгиланган. Прокуратура Президент, партиялар ва кузатувчилар томонидан айтилган барча фактларни ўрганишга, қалбакилаштиришлар ҳақида маълумотга эга бўлиши мумкин бўлган барчани сўроқ қилишга ваъда берди. Шунингдек, прокуратура сайловолди пойгаси ва овоз бериш кунида содир этилган қонунбузарликлар бўйича бир неча жиноий иш қўзғатилганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузия пойтахти Тбилисидаги парламент биноси олдида сайлов натижаларига қарши митинг бошлангани хабар қилинган эди. Акция мамлакат Президенти Саломе Зурабишвилининг чақириғи билан ташкил этилган. Намойишчилар қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқлари, шунингдек, баннерлар кўтарган. Намойишчилар Руставели хиёбонида тўпланиб, у бўйлаб машиналар ҳаракатини тўсиб қўйган. Оммавий норозилик ортидан Грузия Марказий сайлов комиссияси парламент сайловлари бўйича маълумотларини қайта текшириш мақсадида ҳар бир сайлов округида бешта сайлов участкасининг бюллетенларини қайта санаш тўғрисида қарор қабул қилди.