Грузия Президенти судда ютқазди

Олам

image

Грузия Конституциявий суди ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партиясининг конституциявий тақдимномасини қаноатлантирди ва республика Президенти Саломе Зурабишвилини ҳукумат рухсатисиз хорижий ташрифлари туфайли конституцияни бузган деб топди. Суд қарорини Конституциявий суд раиси Мераб Турава жонли эфирда ўқиб эшиттирди.

“Грузия Конституциявий суди Грузия Президенти Саломе Зурабишвили хоним 2023 йил 31 август, 1 сентябрь ва 6 сентябрь кунлари хорижга амалий ташрифлар чоғида халқаро муносабатлар соҳасида вакиллик ҳуқуқлари ва ваколатларини Грузия ҳукумати розилигисиз амалга оширгани, бу билан  Грузия Конституциясининг 52-моддаси 1-қисмининг “а” бандини бузган деб ҳисоблади”, деган Турава.

Грузия Конституциявий суди пленумининг тўққиз нафар судьясидан олти нафари бу қарор учун овоз берган. Ҳакамлар Ирина Имерлишвили, Теймураз Тугуши ва Георгий Квенчиладзе бошқача фикрда. Суд раиси Турава эса қарор якуний экани ва шикоят қилиниши мумкин эмаслигини билдирди. 

Суд қарори парламентга юборилади, шундан сўнг, президентни импичмент қилиш масаласи икки ҳафта ичида ялпи мажлисда овозга қўйилади. Бироқ Грузия парламенти шу ҳафтанинг ўзида Саломе Зурабишвилига импичмент эълон қилиш масаласини овозга қўяди. 

“Парламентда бу масалани кўриб чиқиш ва овоз бериш учун икки ҳафта бор. Жорий ҳафта сессия бўлиши сабабли, ушбу масалани айни пайтда кўриб чиқиб, овозга қўйсак, тўғри бўларди”, деган Грузия қонун чиқарувчи органи спикери Шалва Папуашвили парламент бюроси мажлисида.

Ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси раиси Ираклий Кобахидзенинг айтишича, Зурабишвили суд қароридан кейин фақат расман президент вазифасини бажаради. 

“Импичмент жараёни қандай тугашидан қатъий назар, биз олдимизга қўйган мақсадга эришдик. Саломе Зурабишвилининг Грузия Конституциясини бузиши жавобсиз қолмади. Бу эса бошқарув тизимининг тўғри ишлаши учун узоқ муддатли профилактик таъсир кўрсатади. Грузия Конституциясини бузган президентга келсак, бугундан бошлаб у фақат расмий равишда Грузия президенти сифатида кўрилади”, дейди Кобахидзе.

Маълумот учун, жорий йилнинг август ойининг охири - сентябрь ойининг бошида Зурабишвили Берлин, Брюссел ва Парижга ташриф буюрган ва у ерда юқори даражадаги учрашувлар ўтказган. Кейинчалик маълум бўлишича, Грузия ҳукумати унга розилик бермаган. Шунинг учун ҳукмрон партия президентни конституцияни бузганликда айблаб, импичмент жараёнини бошлаган. Суд 5 октябрь куни конституциявий тақдимномани кўриб чиқишни якунлаган. Импичмент 150 депутатдан 100 нафари томонидан қўллаб-қувватланса, ниҳоят у амалга ошади. Ҳукмрон партия эса парламентда 84 ўринга эга.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Саломе Зурабишвили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг