Грузия Президенти мактаб ўқувчиларини митингга жалб қилди
Олам
−
02 Декабрь
1602Грузия Президенти Саломе Зурабишвили мактаб ўқувчиларини амалдаги ҳукуматга қарши норозиликларга қўшилишга чақирди. Бу ҳақда Президент ўзининг Х ижтимоий тармоғида маълум қилган.
“Университетлардан сўнг, Грузия бўйлаб норозилик намойишлари билан бирдамлигини билдириш учун мактабларнинг навбати келди”, деган Президент.
Маълум қилинишича, мактаб ўқувчилари ўқув жараёнини тўхтатиб, кўчаларга плакатлар ва шиорлар кўтариб чиққан.
Грузия Ички ишлар вазирлиги норозилик намойишларида вояга етмаганларнинг борлигига қатъий қаршилик билдирган ва ота-оналарни болаларни митингларда иштирок этмаслигини таъминлашга чақирган.
Шунингдек, Грузия таълим, фан ва ёшлар вазири Александр Цуладзе таълим муассасаларини сиёсийлаштиришни номақбул деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, 28 ноябрь куни Тбилиси ва Грузиянинг бошқа шаҳарларида Бош вазир Ираклий Кобахидзе Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни 2028 йилгача тўхтатганини эълон қилганидан кейин стихияли норозилик намойишлари бошланганди. Ираклий Кохабидзенинг айтишича, мамлакат кейинги тўрт йил давомида Европа Иттифоқининг ҳар қандай бюджет грантлари ва кредитларидан бутунлай воз кечади.
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясининг музокараларни тўхтатиш қарори “бир неча ой аввал бошланган конституциявий тўнтаришнинг якуний нуқтаси бўлди”, деб атади. У ҳам намойишчилар билан учрашиш учун майдонга чиқди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси