Грузия Бош вазири Тошкентга келди. Уни Арипов кутиб олди 

Жамият

image

Кеча, 18 июль куни Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Тошкентга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, Грузия Бош вазирини аэропортда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва бошқа расмий шахслар кутиб олган.

Ташриф “Янги Ўзбекистон” боғига бориш билан бошланди, Гарибашвили Ўзбекистонниг қадим тарихи ва ёрқин бугунги кунига ҳурмат тариқасида Мустақиллик монументи пойига гулдаста қўйган.

Делегациянинг навбатдаги йўналиши “Технопарк” бўлиб, у ерда меҳмонлар ишлаб чиқариш жараёни, маҳаллийлаштирилган юқори технологияли маҳсулотлар турлари билан танишган.

“Иқтисодий муносабатларга тўхталадиган бўлсак, мамлакатлар ўртасида эркин савдо режими мавжуд эканлигини таъкидлаш жоиз. 

Ўзбекистон Грузияга асосан саноат товарлари, кимё маҳсулотлари, ичимликлар, автомобиллар ва транспорт ускуналарини етказиб беради. Грузия, ўз навбатида, фармацевтика маҳсулотлари, транспорт ускуналари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотларни импорт қилади.

Ўзбекистон ҳудудида Грузия капитали иштирокидаги 69 та корхона фаолият юритмоқда. Грузияда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 23 та корхона фаолият кўрсатмоқда. 2017 йилдан буён мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 34,3 фоизга ўсиб, 127,4 миллион долларни ташкил этди. Лекин таъкидланганидек, бу билан чегараланиб қолинмайди, янада юқори натижаларга эришиш учун мамлакатларнинг ўзаро хоҳиш-иродаси, демакки, реал имкониятлар мавжуд”, дейилади хабарда.


Маълум қилинишича, 17 та замонавий, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришни бирлаштирган “Технопарк”га ташриф чоғида Грузия Бош вазири мамлакатимизнинг улкан инвестицион ва саноат салоҳиятига эътибор қаратган.

“Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг