Гонконгдаги тураржой мажмуасида даҳшатли ёнғин чиқди (видео)
Олам
−
26 Ноябрь 2025 2771 2 дақиқа
Бугун, 26 ноябрь куни Гонконгдаги Wang Fuk Court тураржой мажмуасида юз берган ёнғин оқибатида тўрт киши, жумладан, бир ўт ўчирувчи ҳалок бўлди. Камида беш киши жароҳат олган, кўплаб одамлар эса биноларда қамалиб қолган. Бу ҳақда “South China Morning Post” (SCMP) хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Wang Fuk Court мажмуасида жами тўққизта бино бўлиб, уларда 1,9 мингта хонадон жойлашган. Ҳозир мажмуада реновация ишлари олиб борилмоқда. Умумий яшовчилар тахминан 4 минг нафарни ташкил этади.
Қайд этилишича, тўрт киши, жумладан, ёнғин хизматининг бир ходими ҳалок бўлган, яна камида уч киши жароҳатланган. Кучли ёнғин Гонконгнинг Тайпо округида юз берган, олов бинолар атрофидаги бамбукдан тайёрланган қурилиш каркасларига ҳам тарқалган.
Ёнғин мажмуанинг биринчи биносида маҳаллий вақт билан 14:52 да бошланган. Кейинроқ олов яна икки бинога тарқалган. 18:47 да эса мажмуанинг энг баланд биносида – тўртинчи бинода ҳам ёнғин чиққан. Ёнғиннинг мураккаблиги даражаси иккинчидан бешинчи даражага кўтарилган (Гонконгдаги энг юқори хавф даражаси).
Фавқулодда хизматлар ҳозирча икки бинодан одамларни эвакуация қила олган. Хабарларга кўра, баъзи одамлар оловдан қочиш учун томга чиқишга мажбур бўлган. Ҳозирча саккиз нафар кекса ва икки нафар болани ўз ичига олган 13 киши бинода қолмоқда. Шунингдек, тахминан 14 та уй ҳайвони ҳам ичкарида қолиб кетган.
“18:45 ҳолатига кўра, Тайпо округидаги ёнғин оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган ва беш киши жароҳат олган. Жабрланганлардан учтасининг аҳволи ёмон, биттасининг аҳволи оғир, яна бир киши барқарор ҳолатда”, дейилади хабарда.
SCMP маълумотига кўра, бу Гонконгдаги сўнгги 17 йилдаги илк бешинчи даражали ёнғин.
“Гонконгда бешинчи даражали охирги ёнғин 2008 йилда Cornwall Court тураржой мажмуасида юз берган. Монг Кок ҳудудидаги бинодаги караоке марказида келиб чиққан ёнғин оқибатида икки нафар ўт ўчирувчи ҳамда яна 55 киши ҳалок бўлган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хорватия пойтахти саналмиш Загреб шаҳрида 16 қаватли бино ёниб кетганди. Ҳодиса оқибатида бир нечта вазирликларнинг архивлари ёниб кетган.
Live
Барчаси