“Голос.дети” – Ўзбекистонлик Сингҳга 15 сония кифоя қилди
Маданият-санъат
−
09 Январь 2023
4613010-мавсуми ўтказилаётган Россиядаги “Голос.дети” лойиҳасида ўзбекистонлик болалар ҳам иштирок этиб келмоқда. Лойиҳанинг 5-сонида ўзбекистонлик 12 ёшли Софи Сингҳ исмли қизалоқ саҳнага чиқди ва 15-сониядаёқ муваффақиятга эришди.
Софи Сингҳ кўрсатув анъанасига кўра, саҳнага чиқишидан аввал қисқача интервью берган.
“Мен Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳриданман, отам Ҳиндистондан, онам эса ўзбек. Улар университетда танишган. Мен ҳип-ҳоп ва балет билан шуғулланаман. Болалигимда шифокор бўлишни хоҳлардим. Онам мени вокал дарсларига олиб борганидан сўнг, қўшиқ куйлашга меҳрим тушди ва менда янги орзулар пайдо бўлди”, дейди у.
Софи Сингҳ америкалик хонанда Роберт Келлининг “Мен уча олишимга ишонаман” (“I Believe I Can Fly”) номли қўшиғини куйлади. Эътиборлиси у қўшиқни ижро эта бошлаганининг 15-17 сонияларидаёқ ҳакамлар Егор Крид, Баста ва “МакSим” саҳнага ўгирилиш тугмасини босди. Егор Крид ва “МакSим” қўшиқ тугагунига қадар ўзбекистонлик қизни ўрнидан тик турган ҳолда олқишлади. Шундан сўнг Софи Сингҳ Егор Крид жамоасини танлади.
“Голос” теле-лойиҳасининг қоидасига кўра, дастлабки босқичда саҳнага чиққан иштирокчи қўшиқ куйлайди ва жонли ижроси орқали унга тескари ўтирган ҳакамларни ўзига қаратишга уринади. Агар ҳакамларга ижрочининг овози маъқул келса, улар саҳнага ўгирилади. Бундай ҳолларда саҳнадаги қўшиқчи ўзига қараган ҳакамлардан бирини танлаши ва кейинги босқичларда унинг гуруҳида бўлиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, ушбу кўрсатувнинг 2 сонида иштирок этган яна бир ўзбекистонлик бола, Фирдавс Авезов ҳам саҳнада ҳар уч нафар ҳакамни ўзига қаратган эди. Агар ушбу иштирокчилар муваффақиятли одимлашда давом этса, юқори босқичларда бир-бирига рақиб сифатида тўқнаш келиши мумкин.
Маълумот ўрнида, турли йилларда Севара Назархон, Наргиз Зокирова, Сардор Милано, Сабина Мустаева, Мадина Саидазимова ва Шуҳрат Турдихўжаев каби асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган санъат вакиллари ушбу лойиҳада иштирок этган.
LiveБарчаси