Голливудда иш ташлашлар бутунлай тугади
Маданият-санъат
−
10 Ноябрь 2023
4283Голливуд актёрлари уюшмаси киностудиялар билан каттароқ маошлар ва суратга олиш жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича келишувларга эришди. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.
Америка телевидение ва радио санъаткорлари федерацияси (SAG-AFTRA) актёрларнинг июль ойида бошланган иш ташлашини тўхтатишга чақирди. 118 кундан бери давом этиб келаётган намойишлар ниҳоят тугади. Бу SAG-AFTRA`нинг 90 йиллик тарихидаги энг узун иш ташлашлар бўлди.
SAG-AFTRA`нинг билдиришича, телевидение бўйича музокаралар қўмитаси Кинофильм ва телевидение продюсерлари альянси (AMPTP) билан тахминий келишувни бир овоздан маъқуллади. Кеча, 9 ноябрь куни соат 12:01 дан бошлаб эса иш ташлашлар расман тўхтатилди. Ушбу келишувда бир миллиард доллардан ортиқ қийматдаги уч йиллик шартнома имзоланди. Унга аъзоларни сунъий интеллект таҳдидидан ҳимоя қилишга розилик ва компенсация, шунингдек, стримингда иштирок этиш бонуси каби қоидалар киритилган. Бироқ, SAG-AFTRA шартли келишув ташкилотнинг Миллий кенгаши томонидан кўриб чиқилгунга қадар шартноманинг тўлиқ тафсилотлари очиқланмаслигини билдирган. Бу жараён эса бир неча кун давом этади.
Энди SAG-AFTRA ва AMPTP тахминий келишувга эришгандан сўнг, узоқ вақтдан бери тўхтаб қолган Оскар тақдирлаш маросими бошланиши мумкин.
Маълумот учун, SAG-AFTRA актёрларининг иш ташлаши жорий йилнинг 13 июль куни киностудиялар билан кўпроқ маош ва сунъий интеллектдан фойдаланиш борасидаги келишмовчиликлар ортидан бошланди. Бунгача эса Америка Ёзувчилар Гилдияси (WGA) ҳам май ойида иш ташлашларни бошлаб юборганди. Бу сўнгги 60 йил ичида биринчи марта иккала касаба уюшмасининг бир вақтнинг ўзида иш ташлаши бўлди. Оқибатда Голливудда суратга олиш ва премьера жараёнлари бир неча ой давомида деярли тўхтаб қолди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ёзувчилар Гилдияси (WGA) ҳам бу борада киностудиялар билан 3 йиллик келишувга эришганди.