Ғафурбой нуфузли спорт ташкилоти аъзосига айланди
Спорт
−
15 Ноябрь 2023
10242Айни кунларда Тошкент шаҳрида Бутунжаҳон бокс иттифоқининг (WBC) йиллик 61-Конвенцияси ўтказилмоқда. Конвенция доирасида Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси вице-президенти Ғофур Раҳимов WBC Олий кенгаши аъзосига айланди.
WBC ташкилотининг йиллик 61-конвенцияси доирасида ўтказилган ҳакамлар семинарида 50 дан зиёд давлатнинг 150 нафарга яқин реферилари қаторида 18 нафар ўзбекистонлик ҳакамлар ҳам ўз тажрибаларини оширмоқда.
“Жаҳон профессионал боксининг энг номдорларини жамлаган, Тайсон каби ўнлаб жаҳон чемпионларини дунёга танитган WBC ташкилотининг йиллик анжумани юртимизда ташкил этилаётгани Ўзбекистон бокс ҳаётида унутилмас воқеалик бўлди. Ушбу тадбирда юздан зиёд давлатдан 500 нафардан ортиқ бокс мутахассислари иштирок этаётганининг ўзи Ўзбекистон катта спорт мамлакатларидан бирига айланганидан далолат. Бундай бокс анжуманлари ва унинг тизимида ўтадиган семинарлар, ўқув-машғулотлар сабабли мураббийларимизда, ҳакамларимизда халқаро тажриба ошади”, дейди бокс бўйича халқаро тоифадаги рефери Рустам Мажидов.
Шунингдек, WBC йиллик ҳисобот анжуманларида таълим, допинг, ҳакамлик, халқаро муносабатлар, бокс қоидалари, рейтинглар, чемпионлик камарлари, хайрия ва жамоат ташаббусларига бағишланган очиқ ва ёпиқ тарздаги йиғилишлар, учрашувлар, машғулотлар ўтказилмоқда.
Ташкилот тадбирлари 17 ноябрга қадар давом этади. 17 ноябрь куни эса Тошкент шаҳридаги “Ҳумо арена”да профессионал бокс оқшоми ташкил этилади. 16 ноябрь куни эса жангларни томоша қилиш учун америкалик бокс афсонаси Майк Тайсон Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь