“Goal” Ҳусанов ҳақида катта мақола эълон қилди

Спорт

image

Англиянинг нуфузли “Goal” нашри Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси ҳақида мақола эълон қилди. Қуйида мақоланинг таржимаси келтирилган. 

“Манчестер Сити” Англия Лига кубоги финалида “Арсенал” устидан ғалаба қозонгандан сўнг жамоанинг чарчаган мухлислари Лондондан Манчестерга қайтишида “Avanti West Coast” поездида биргина исмни такрорлар эди. Лекин бу исм уларнинг маҳаллий юлдузи Нико О’Райли эмас эди. “Абдуқодир Ҳусанов қанчалик ажойиб ўйинчи?”, яна бири “У ҳақиқий аждарҳо!” дея сўзлар эди.

Шу тариқа “Сити” мухлислари аввал кўп кўзга ташланмаган, аммо майдонда қатъиятли ва ишончли ўйин намойиш этаётган ўзбекистонлик ҳимоячини жамоанинг янги қаҳрамони сифатида қабул қила бошлади. Поезд шимолга қўзғалганда мухлислар ҳали ҳам ҳаяжонда эди ва бирининг айтишича: 

“Ўзбеклар уни яхши кўради, улар учун у Гарет Бейл каби”.

Шунингдек, ушбу иқтидорли футболчини “Ланс”дан 2025 йил январда 31 миллион фунтга “Сити”га олиб келган скаутларга ҳам ҳурмат билдирилди: 

“Қандай ажойиб иш қилган скаутлар!”

Ҳақиқатан ҳам, Ҳусанов “Сити”нинг 180 миллион фунт сарф қилинган 2025 йил январдаги қишки трансфер ойнасидаги энг яхши хариди бўлиб, клубда 13 йил хизмат қилган Тики Бегиристайн томонидан амалга оширилган энг оқилона келишувлардан бири бўлиши мумкин.

Ҳусанов “Ланс”да фақат 31 та ўйинда иштирок этган эди ва “Сити” унинг потенциалини пайқаган вақтда бу рақам янада кам бўлган. Унинг трансфери “Сити”нинг скаутлар тармоғи орқали ҳамкорлик натижасида амалга оширилди, чунки Франциядаги скаутлар Ҳусановни ўйинда кўришди ва у ёш, салоҳиятли ва келажакда катта натижаларга эришиши мумкин бўлган футболчи эканлигини англай олишди.

У майдонда жуда фаол ҳаракат қиларди ва бу “Сити”нинг бутун скаутларида катта таассурот қолдирди. Уни “Сити”дан ташқари “Ньюкасл”, “Реал Мадрид” ва “Манчестер Юнайтед” каби клублар ҳам ўз сафида кўрмоқчи бўлди, аммо “шаҳарликлар” ўзбекистонлик футболчини “бегона қилмади”.

Ҳусановда инглиз футбол мухлислари ёқтирган барча сифатлар бор: тезлик, агрессия, куч ва иштиёқ. Ва улар учун “Сити” ўйинда қийин вазиятга тушганда, Ҳусановнинг рақибни қувиб етиб, тўпни қайтариб олиш учун ҳужум қилишидан кўра ҳаяжонлироқ манзаралар камроқ бўлган.

Ўзбекистонлик футболчи финалнинг дастлабки дақиқаларида Кай Хаверцнинг ортидан қувиб етиб, тўпни қайтариб олганида муҳим лаҳзалардан бирини тақдим этган бўлса, кейинчалик Ҳусанов Виктор Дьёкерешга энг кўп қийинчиликлар туғдириши билан “Сити” мухлисларини хурсанд қилди. 

“Шаҳарликлар”нинг “Реал”га қарши ўтган ўйинида Ҳусанов “Сити” мухлисларига ўзининг ҳозирда машҳур бўлган тезлигини намойиш этиб, Винисиус ва Браим Диасни қувиб ўтди. Шунингдек, у февраль ойида “Сити”нинг “Ливерпул”даги ажойиб ғалабасида катта роль ўйнади ва Муҳаммад Салоҳ ҳамда Уго Экитикенинг зарбаларини тўхтатиб, кейин мия чайқалиши билан майдонни тарк этишга мажбур ҳам бўлди.

Ҳусановнинг тезкорлиги унинг энг катта ютуғи. Яқинда “CIES Football Observatory” уни Чемпионлар Лигасидаги энг тезкор марказий ҳимоячи деб атади. Шунингдек, у 90 дақиқада ўртача 17,85 марта тезкор югуриш амалга оширади ва бу АПЛдаги марказий ҳимоячилар орасида энг юқори кўрсаткич.

Ҳусановнинг “спринтер”лиги Пеп Гвардиола учун қадрли ҳисобланади, чунки мураббий жамоасининг юқори ҳимоя чизиғида ўйнашни янада ривожлантирмоқда, айниқса ўтган ёз Юрген Клоппнинг собиқ ёрдамчиси Хосеп Лайндерс жамоага келгандан бери бу кўпроқ кўзга ташланмоқда.

Гвардиола бир неча бор Ҳусановнинг “жуда тезкор” эканини айтган, шунингдек у ёш футболчининг футболдаги ақл-заковатини ҳам таъкидлаган: 

“Одатда футболчида жисмоний қобилият бўлса, бу унинг бош билан ўйнаши шарт эмаслигини англатади. Унда иккаласи ҳам бор”. 

Руҳий барқарорлик

Ҳусановда яна бир эътиборга арзийдиган жиҳат бу унинг руҳий барқарорлиги. У “Сити”даги ўзи учун жуда оғриқли бўлган дебют ўйинидаги ҳолатидан чиқа олди. Абдуқодир “Челси”га қарши дебют ўйинида голга сабаб бўлган хатога йўл қўйди, у Николас Жексон билан ҳаводаги курашда нотўғри чиқиб келди ва кейин тўпни дарвозабон Эдерсонга қайтармоқчи бўлди, бироқ зарба кучсизлигидан Жексон тўпни илиб кетди ва Мадуэкени гол уриш учун қулай вазиятга олиб чиқди, англиялик футболчи бу вазиятда адашмади. Орадан бир дақиқа ўтиб Ҳусанов Коул Палмерга қарши қўпол ўйнаб, сариқ карточка ишлаб олди. Кейин ўзини қўлга олиб, Жейдон Санчонинг гол уришига тўсқинлик қилди. Бироз ўтиб Ҳусанов яна бир эҳтиётсизлик орқали майдондан четлатилишига сал қолди, Гвардиола эса эҳтиёт чораси сифатида иккинчи бўлим бошида уни захирага олди.

У “Сити” мухлислари томонидан олқишланди, аммо бу ҳаммасидан кўра ҳамдардлик ҳисси эди. “Sky Sports” шарҳловчиси Гари Невилл шарҳда “Абдуқодирнинг йиғлагиси келганини” айтди.

Эътибор марказидан ташқари

Ёш футболчи учун осон бўлгани йўқ: у Чемпионлар Лигасида “Реал Мадрид”га қарши дебютида Килиан Мбаппе ва Винисиус қарши ўйнади. Англия терма жамоаси собиқ дарвозабони Пол Робинсон “Ҳусанов ҳудди қўлга тушган қуёндек бўлиб қолди”, деганди. Бир ойдан сўнг, у “Брайтон” билан уйдаги дуранг ўйинида ўз дарвозасига гол урди. Бу 2024-25 мавсумида Ҳусановнинг охирги лига ўйини бўлди ва у “Сити” учун охирги ўйинларида умуман майдонга тушмади. Шунинг учун у билан бир вақтда келган ва деярли бир хил трансфер нархига эга бўлган Витор Рейс ёзда “Жирона”га ижарага берилганда Ҳусанов ҳам вақтинча бошқа клубда ўйнайди деган фикр пайдо бўлди. Аммо у мавсумлар оралиғидаги танаффус вақтидан оқилона фойдаланиб, ҳар ҳафта тўрт соат инглиз тилини ўрганди.

“У Уильям Шекспир каби гапирмайди, аммо яхшиланиб бормоқда”, деганди Гвардиола яқинда унинг инглиз тилиси ҳақида гапириб.

Шунингдек, Пеп “у нима хоҳлаётганимизни тушунади ва ҳар доим яхшиланиб бормоқда. У жуда ақлли. Менимча, у янада ривожланиши мумкин. Мен “Манчестер Сити” кўп йиллар давомида жамоага ёрдам берадиган яхши марказий ҳимоячига эга эканлигини аниқ айта оламан”, дея қўшимча қилганди.

Сифат ва ҳимоядаги универсаллик

Йил бошидаги ўзгаришлардан сўнг “Сити”нинг марказий ҳимоясида рақобат янада кучайди: Рубен Диаш, Марк Геҳи, Ёшко Гвардиол (хорват футболчи январдан бери жароҳат туфайли майдонга туша олмаяпти) ва Ҳусанов. Асосий савол шундаки, Гвардиола ёки унинг ўрнига келадиган ким бўлса ҳам қайси иккиликни устун кўради. Ҳусанов ва Диашними, ёки яқинда жамоага қўшилган Геҳини асосий жуфтликда ўйнатадими. Гвардиол жароҳат олгунча марказда ўйнаган, аммо у чап қанотда ҳам катта тажрибага эга бўлгани учун қолган уч ҳимоячи жароҳатда бўлмаса чап қанотда ҳам тушиши мумкин. Ҳусанов ўнг қанотда ҳам ўйнай олади. У сентябрь ойида “Манчестер Юнайтед”га қарши 3-0 ҳисобидаги ғалабада бу позицияда самарали ҳаракат қилди, аммо “Реал Мадрид”га қарши илк учрашувда унчалик яхши ўйнай олмади. “Сити” ҳар мавсумда 60 ва ундан ортиқ ўйин ўйнашга одатланган, шунинг учун уларга барқарор ва бир нечта нуқталарда ҳаракат қила оладиган ҳимоячи зарур. Ҳусанов уларга барча фронтларда курашда катта ёрдам бериши аниқ.

Компасга қиёслаш

Ҳусановга мақтаниш бегона туйғу ва ҳар бир ўйинда майдонга тушмаса ҳам шовқин-сурон кўтармайди. Гвардиола айтадики, у учрашувларга ҳатто шампунь ва сумкасини ҳам олиб бормайди, унинг ягона мақсади майдонда яхши ўйнаш. Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Ҳусановни миллий терма жамоанинг энг ақилли ўйинчиларидан бири сифатида кўришини айтди ва атиги 22 ёшли футболчини етакчи бўлишга арзийдиган футболчи деб атаб, уни йўл кўрсатувчи компасга қиёслади.
Ҳусанов кам гапиради, лекин майдондаги ҳаракатлари орқали ҳаммага ўз салоҳиятини кўрсатади. Поезддаги “Сити” мухлислари ўзларининг чақалоқ юзли қотилларидан яна кўплаб ёқимли лаҳзаларни кутишлари мумкин.

Рамазон Усанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ўзбекистон Арсенал Манчестер Сити Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳимоячи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг